10:30 / 08.01.2020
5 694

Эрон АҚШга яна бир огоҳлантириш билан чиқди, Оқ уйда Трамп бошчилигида тезкор йиғилиш бошланди

Эрон АҚШга яна бир огоҳлантириш билан чиқди, Оқ уйда Трамп бошчилигида тезкор йиғилиш бошланди
Фото: EPA-EFE/STRNGER
Теҳрон Вашингтонни АҚШ базаларига амалга оширилган ракета зарбаларига жавоб қайтармаслик ҳақида огоҳлантирди. Ислом инқилоби соқчилари корпусининг маълум қилишича, АҚШ иттифоқчилари Эронга қарши зарбалар уларнинг базаларидан амалга оширилса, унда улар ҳам ҳужумлар нишонига айланиши мумкин.

Теҳрон Вашингтонни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига берилган зарбалардан кейин, Эронга жавобан ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Ислом инқилоби соқчилар корпусининг тегишли мурожаати 8 январь, чоршанба куни эрталаб эълон қилинди.

Хабарда айтилишича, Эрон АҚШнинг ҳар қандай реакциясига янада кескинроқ жавоб қайтаради. Шунингдек, Ислом инқилоби соқчилар корпуси АҚШ иттифоқчиларини, агар улар Эронга қарши ҳужумлар учун америкаликларга базалар тақдим этса, унда уларга ҳам ҳужум қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Шу билан бирга, Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп, мудофаа вазири Марк Эспер, давлат котиби Майк Помпео ва Бирлашган штаб бошлиқлари раиси Марк Милли иштирокида тезкор йиғилиш бошлангани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш мақсадида, Ироқ ғарби ва шимолидаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар берди. Теҳрон базалардан бири йўқ қилингани ҳақида маълум қилмоқда. Пентагон етказилган зарарни ҳали баҳоламади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўзининг иккита базасига ҳужум қилингани тўғрисида хабар берди. Пентагон маълумотларига кўра, Эрбилдаги база ҳам ракета зарбасига учраган. АҚШ ҳарбийларига кўра, Эрон ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Ироқда эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ортидан рўй берди.

Эрон ташқи сиёсатидаги бош стратеги, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони, амалда Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам саналган Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг дрон орқали берган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон АҚШга яна бир огоҳлантириш билан чиқди, Оқ уйда Трамп бошчилигида тезкор йиғилиш бошланди