15:00 / 18.01.2020
3 462

Давлат хизматида “Устоз-шогирд” институти: хорижий мамлакатлар тажрибаси

Давлат хизматида “Устоз-шогирд” институти: хорижий мамлакатлар тажрибаси
Устоз-шогирдлик анъаналари қадимдан ривожланиб келган, айниқса илм-фан, адабиёт ва санъат, ҳунармадчилик, меъморлик, тиббиёт каби соҳаларда устоз-шогирдлик муносабатлари умуминсоний қадриятларига айланиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар Дастури” да ёш кадрлар учун давлат органлари ва ташкилотларидаги тажрибали раҳбарлар ва мутахассислар томонидан устозлик институтини жорий қилиш белгиланган.

Бугунги кунда ҳам устоз-шогирдлик анъаналари кўплаб меҳнат жамоаларида, шу жумладан, давлат идораларида қўлланиб келади. Бироқ, ҳозирги вақтда кадрлар сиёсатида олиб борилаётган ислоҳатлар устозликни расмий ва профессионал тартибда амалга оширишни талаб қилади.

Кўплаб мамлакатларда тажрибали мутахассисисларнинг ёш ходимларга устоз сифатида тайинланишига алоҳида эътибор берилади. Бу ҳолда ёш ходимлар ўз касбий маҳоратини хизмат фаолиятидан узилмаган ҳолда, ҳамкасблари билан бевосита алоқа жараёнида эгаллаш ва мустаҳкамлаш имконига эга бўлади. Тажрибали ва етакчи мутахассисларнинг устозлиги ёш ходимларнинг касбий иқтидорини ривожланишига, хизмат вазифларига маъсулият билан ёндашиш ва уларни мустақил ҳал қилиш кўникмаларини ошишига хизмат қилади.

Хорижий мамлакатлар тажрибасига назар
Буюк Британия давлат хизматида устозлик амалиётига тажрибали ходим ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган ходимнинг касбий жиҳатдан ривожланишига маъсул бўлган жараён сифатида қаралади. Устозлик жараёни махсус интернет порталларга жойлаштирилган дастурлар ва услубий қўлланмалар воситасида ташкил этилади. Деярли барча вазирлик ва идораларда устозликни жорий этиш борасидаги ўз маълумотлар базаси яратилган. Мазкур жараёнда замонавий ахборот технологиялари ва интерактив ўқув усулларидан кенг фойдаланилади.

Австралияда устозликни ташкил этишнинг учта асосий дастурлари фарқланади:
- лавозимга биринчи марта тайинланган хизматчилар учун;
- мавжуд ва бўлажак раҳбарлар учун;
- маъмурий–тарбия стратегияси сифатидаги устозлик дастурлари.

Устозликни амалга оширишда тегишли ахборот–услубий қўлланма ва тавсиялардан, устозлар ва ёш ходимлар учун тренинглар ўтказиш, масофадан туриб ва электрон шаклда ўргатишни ташкил этиш сингари усуллардан фаол фойдаланилади.

АҚШда устозлик дастурлари индивидуал хусусиятда бўлиб, янги ходимнинг ўз вазифалари доирасини қанчалик мустақил ўзлаштиришига кўпроқ урғу берилади.

Япония давлат идораларида ёш мутахассисларни мослаштириш ва устозлик дастурларини ишлаб чиқишда корпоратив руҳни тарбиялашга (келиб қўшилган идора қадриятларини қабул қилиш, идора шаънига мос бўлиш, жамоага мансублигидан ғурурланиш) кўпроқ аҳамият берилади.

Германияда ёш мутахассисларнинг мослашуви ва устозлик жараёнига тегишли кўп жиҳатлар, масалан, устозликнинг мақсад ва вазифалари, устозлик қилувчининг вазифалари, устозлик фаолиятининг рағбатлантириш масалалари меъёрий ҳужжатларда батафсил белгилаб қўйилади. Тегишли меъёрий ҳужжатларнинг мавжудлиги устозлик жараёнида иштирок этувчи барча субъектларнинг қонуний ҳимоясини кафолатлайди.

Россия экспертларининг биринчи марта лавозимга тайинланган давлат хизматчилари орасида ўтказган аноним сўровлари натижаларига кўра, сўралганларнинг 70% га яқини 3 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда ўз хизмат вазифаларини бажаришда маълум қийинчиликларга дуч келишган ва ҳамкасблар кўмагига муҳтож бўлишган. Биринчи марта лавозимга тайинланган ва уч йилгача хизмат қилаётган давлат хизматчиларининг кўпчилиги устозлар фаолиятини ижобий баҳолашган.

Россияда Ҳукумат қарори билан “Давлат фуқаролик хизматида устозлик тўғрисидаги Низом” тасдиқланган бўлиб, унда давлат идоралари ва ташкилотларида устозликни жорий этиш тартиби ўрнатилган. Ҳужжатга биноан, устозлик давлат идораларига биринчи марта хизматга қабул қилинган хизматчиларга нисбатан жорий этилади.

Ўзбекистон давлат хизматида устозлик институти
Бир қатор хорижий давлатларнинг устозликни қўллаш амалиёти ҳамда бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни ўрганиш мамлакатимиз давлат хизматида устозликни амалга ошириш борасидаги қуйидаги умумий қоидаларини ажратиб кўрсатиш имконини беради:
- устозлик давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган; биринчи марта юқори лавозимларга тайинланган; ўзи эгаллаб турган лавозимдан бошқа йўналишдаги лавозимга тайинланган давлат хизматчиларига нисбатан қўлланади;
- устозликни қўллашнинг асосий мақсад ва вазифалари: давлат хизматчиларининг янги иш шароитларига кўникиши ва жамоага киришишида кўмаклашиш;
-давлат хизматчиларининг профессионал ривожланишида ёрдам бериш;
- лавозим вазифаларини бажаришга виждонан ва интизомли ёндашишни ўргатиш;
- устозликни қўллаш муддати давлат идораларининг тегишли раҳбарлари томонидан устозлик қўлланган хизматчининг касбий тайёргарлиги, унинг лавозим вазифалари хусусиятилари ҳисобга олинган ҳолда уч ойдан бир йилгача даврга белгиланади.

Устозликка номзодларга қўйиладиган талаблар:
- устозликка тайинлаш давлат идораси раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади;
- устозликка номзодлар тажрибали, ҳамкасблар орасида обрў-эътиборга эга, ёшлар билан ишлашга лаёқатли давлат хизматчилари орасидан танлаб олинади;
- устозлик қўлланган давлат хизматчисининг бевосита раҳбари унга устоз этиб тайинланмайди;
- устозлик қилувчи давлат хизматчиси бир вақтнинг ўзида иккитадан ортиқ ходимга устозлик қилиши мумкин эмас;
- устозлик давлат хизматчиси томонидан ўз лавозим вазифаларини бажариш билан бир қаторда олиб борилади;
- устозлик вазифаси давлат хизматчилари зиммасига уларнинг розилиги билан юкланади.

Давлат идорасида устозлик ишини ташкил этиш:
- устозликни қўллаш борасидаги ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш давлат идораси ходимлар бўлими томонидан олиб борилади;
- устозлик жараёнини самарали ўтказиш учун режалар, махсус услубий қўлланмалар ишлаб чиқилади. Аниқ дастурлар ва режаларнинг бўлмаслиги давлат хизматчиларининг бу жараёнга нисбатан расмий муносабатларини келтириб чиқариши мумкин;
- устозликни қўллаш давомида замонавий ахборот технологиялари, янгича ёндашувлардан фаол фойдаланилади;
- устозликни ташкил этишга раҳбарлик ва уни назорат қилиш устозлик қўлланган хизматчи лавозимда бўлган давлат идораси таркибий тузилмаси раҳбари зиммасига юкланади.

Давлат хизматчисининг устоз сифатидаги фаолиятини баҳолаш:
- белгиланган муддат тугагач, устозликни ўтаган давлат хизматчиси устозлик қўлланган ходим ҳақида тавсифнома тайёрлайди. Тавсифнома давлат идораси таркибий бўлими раҳбари томонидан имзоланади ва ходимлар бўлимига топширилади;
- устозлик фаолиятини баҳолаш, режалаштирилган вазифаларни ёш ходим қай даражада ўзлаштиргани, орттирган касбий билим ва кўникмаларини ҳисобга олган ҳолда баҳоланади;
- давлат хизматчиларининг устоз сифатида олиб борган самарали фаолияти аттестация ва малака имтиҳонлари даврида, хизматчиларни лавозимларга тайинлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш чоғида ҳисобга олинади.

“Давлат хизмати тўғрисида” қонун лойиҳасининг VI бобига “Давлат хизматида устозлик” деб номланган алоҳида моддани киритиш ҳамда давлат хизматчиларини касбий тайёрлаш шаклларидан бири сифатида устозлик институтини мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Устозликни қўллашнинг асосий мақсад ва вазифалари, муддати, бу жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг қонунда батафсил белгилаб қўйилиши давлат хизмати самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

А.Эминов
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Давлат хизматида “Устоз-шогирд” институти: хорижий мамлакатлар тажрибаси