11:35 / 28.01.2020
5 781

Гулнора Каримованинг Британиядаги мол-мулклари рўйхати эълон қилинди

Гулнора Каримованинг Британиядаги мол-мулклари рўйхати эълон қилинди
Фото: Daily Mail
Ўзбекистоннинг Биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Британиянинг Суррей графлигидаги қаср ҳамда Лондоннинг нуфузли туманларидаги умумий қиймати 40 миллион фунт стерлингга (52 миллион доллар) тенг икки квартирага эгалик қилади. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Қайд этилишича, бирлашган қироллик ҳукумати айнан ушбу объектларни ўз фойдасига мусодара қилишга ҳаракат қилмоқда.
Гулнора Каримовага тегишли мол-мулклар рўйхатини катта миқдордаги фирибгарлик жиноятларига қарши курашиш бюроси тақдим этган.

Каримова Суррейдаги Gorse Hill Manor қасрини 2010 йилда 18 миллион фунт стерлинг (23,5 миллион доллар) эвазига сотиб олган. Бугунги кунда ушбу объект 30 миллион фунт стерлингга (39 миллион доллар) баҳоланмоқда.

Қаср 1912 йилда қурилган бўлиб, унинг ҳудудида қайиқда сайр қилишга мўлжалланган кўл ҳамда 70 минг метр квадрат майдонга эга боғлар жойлашган.
Қасрга ёндош ҳудудларда бадавлат инсонларнинг саройлари жойлашган. Хусусан, Гулнора Каримовага тегишли қаср яқинида Бруней султонининг уйи бор.

Британия пойтахтида эса Каримовага тегишли иккита квартира мавжуд: Мейфер туманидаги 8 миллион фунт стерлингга (10,4 миллион доллар) ва Белгравия туманида 2 миллион фунт стерлингга (2,6 миллион доллар) баҳоланган хонадонлар.

2018 йилнинг октябрида Британиянинг катта миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Гулнора Каримованинг коррупцион фаолиятидан топилган пуллар эвазига харид қилинган учта объектни хатлаш юзасидан даъвони илгари сурган эди. Бироқ ўшанда айнан қайси объектлар назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган.

2017 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи жиноят ишини очган эди. Ўшанда Каримова хорижий мамлакатлардаги активларни легаллаштирганликда айбланди.

Жиноят иши доирасида Гулнора Каримова Британияда 4,2 миллион фунт стерлинг (5,5 миллион доллар) миқдоридаги пул маблағлари, шунингдек умумий қиймати 22,9 миллион фунт стерлингга (30 миллион доллар) тенг уй, квартира ва виллаларга эгалик қилиши ойдинлашган эди.

Британиядаги активлар рўйхатида, хусусан Лондондаги Chesham Street, 25-уйда жойлашган тўрт қаватли турар жой биносининг биринчи, учинчи ва тўртинчи қаватларидаги квартиралар ОАВда тилга олинган эди.

2019 йилда Франция ҳукумати Каримованинг мол-мулкини сотишдан тушган пулни Ўзбекистонга қайтаришни маълум қилган эди. Гап Париждаги квартира, Сен-Тропе туманидаги вилла ҳамда Париж ташқарисидаги қаср ҳақида кетмооқда.

Маълум бўлишича, Париждаги квартира аукционда 14 миллион еврога сотилган. Пулнинг бир қисми яъни 2 миллион евро тергов харажатларига ишлатилади. Маблағнинг қайтарилгани ҳақида ҳозиргача маълумот берилмаган

Швейцария прокуратураси ҳам мамлакат банкларидаги музлатилган Гулнора Каримовага тегишли пулларни Ўзбекистонга қайтаришга тайёрлигини билдирган. Бироқ активлар Ўзбекистонга муайян шартлар асосида қайтарилади: Тошкент пулларнинг қайтарилиш жараёнининг шаффоф бўлишини, пуллар аҳоли фаровонлиги ҳамда мамлакат ривожланиши учун ишлатилишини таъминлашга кафолат бериши керак.

Гулнора Каримова 2015 йил августида беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўша вақтда унга нисбатан яна бир жиноят иши бўйича тергов давом этаётган эди. Жамоатчилик бу ҳақда фақат 2017 йил июлига келибгина хабар топган.

Гулнора Каримова 2019 йил мартидан бери Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сон умумий тартибдаги колонияда сақланмоқда.

2019 йилнинг декабрь ойида Гулнора Каримовага нисбатан яна бир жиноят иши қўзғатилди. У ўлпон йиғиш ва қўрқитиб, мулкларни тортиб олишда айбланган. 2020 йилнинг 8 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича суд мажлиси бошланди.

11 январь куни Гулнора Каримованинг уйларидан 12,7 миллиард сўмлик санъат асарлари чиққани ҳақида маълумот берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гулнора Каримованинг Британиядаги мол-мулклари рўйхати эълон қилинди