11:10 / 02.02.2020
2 458

Помпеонинг Лукашенко билан учрашувида нималар ҳақида сўз борди?

Помпеонинг Лукашенко билан учрашувида нималар ҳақида сўз борди?
Фото: Reuters
АҚШ давлат котиби Майк Помпео Минскда Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашди. Бу Қўшма Штатлар ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг Беларусга кейинги 25 йилдаги биринчи ташрифидир.

Помпео Вашингтон яқин вақт ичида Беларусга ўз элчисини юборишини айтди. Бу давлатда 2008 йилдан буён АҚШ элчиси фаолият кўрсатмайди.
Учрашувда Майк Помпео Россия ва Беларусь муносабатларига ҳам тўхталиб ўтди.

"Қўшнингиз Россия билан узоқ тарихга эга эканлигингизни тушунамиз. Аммо бизни ёки уларни танлаш тўғрисида гапирмаймиз. Биз дипломатик муносабатлар тўғрисида сўз юритамиз. Биз муносабатларимизни кенгайтирамиз", - деди у.

АҚШ давлат котиби Қўшма Штатлар Беларусь мустақиллигини қўллаб-қувватлашини ва энергия ресурслари борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди.

"АҚШ Беларусга ўз суверен давлатини ташкил қилишига ёрдам бермоқчи. Энергия ресурслари ишлаб чиқарувчиларимиз сизларни зарур нефть билан рақобат нархларида юз фоизга таъминлашга тайёр. Бизни чақирсангиз бас!" – деди Помпео.

Матбуот анжуманида Лукашенко ва Беларуснинг бошқа фуқароларига нисбатан жорий этилган санкциялар тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, Помпео икки мамлакат муносабатлари яхшиланиб бораётганлигини ва бу "санкцияларни олиб ташлаш жараёнини тезлаштириши мумкин"лигини айтди.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Киевда бўлиб, Украина президенти Владимир Зеленский билан хавфсизлик ва мамлакатдаги коррупция масалаларини муҳокама қилганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Майк Помпео 2 февраль куни Тошкентга келади. У 3 февраль куни «C5+1» шаклидаги вазирлар учрашувида иштирок этади.

Учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашади.

Ташриф давомида Майк Помпео президент Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлади.
АҚШ давлат котибининг минтақа дипломатияси етакчилари билан учрашувида Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси ҳам асосий мавзулардан бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Помпеонинг Лукашенко билан учрашувида нималар ҳақида сўз борди?