10:29 / 09.02.2020
3 747

Таиландда одамларга ўт очган ҳарбий 21 кишини ўлдирди. Полиция уни отиб ташлади (фото, видео)

Таиландда одамларга ўт очган ҳарбий 21 кишини ўлдирди. Полиция уни отиб ташлади (фото, видео)
Фото: REUTERS/Athit Perawongmetha
8 февраль куни Таиланд шимоли-шарқидаги Накхонратчасима шаҳрида ҳарбий хизматчи тинч аҳоли вакилларини ўққа тутди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 25 киши ҳалок бўлган, 60дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳужум қилган ҳарбий полициячилар томонидан ўтказилган махсус амалиёт якунида отиб ўлдирилган.

Кичик зобит Жакрафант Томма аввалига ўз бошлиғини ўлдириб, кейин ҳарбий базадаги қуроллар ва ўқ-дорини олиб кетган. Bangkok Post нашри ёзишича, ҳарбий лагерь ҳудудида 63 ёшли аёл ва бир ҳарбий ҳам ўлдирилган. Шундан сўнг Томма ҳарбий жипда лагерни тарк этган.

У аввалига шаҳардаги бир неча объектга қарата ўт очган, кейин Terminal 21 савдо марказига келган. Маҳаллий нашрларда тарқалган кадрларда у машинадан чиқиб, ўт очишни бошлаши ва одамлар қочишга уриниши тасвирланган. Кузатув камераларидаги ёзувларда у винтовкани кўтарган ҳолда савдо марказига кирганини кўриш мумкин.

Бошқа бир кадрда бино атрофида ёнғин бошлангани кўринади, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ёнғин бензин тўла канистрга ўқ тегишидан келиб чиққан.

Жакрафант Томма
Савдо марказидаги операция
Воқеа жойига хавфсизлик хизмати ходимлари етиб келишган. Улар савдо маркази ҳудудига киришган ва юзлаб кишиларни эвакуация қилишган. Мерган бино ертўласида одамларни гаровга олиб, баррикада қурган ҳолда қаршилик кўрсатишда давом этган, бир неча соатлик махсус амалиёт якунида у отиб ўлдирилган. Полиция маълумотига кўра, ертўлада гаровга олинган 8 киши ҳам қутқарилган.

9 февралга ўтар кечаси савдо марказидаги амалиёт тўғрисида турли хабарлар чиқиб турди. Гринвич вақти билан соат 22:30да гувоҳлар савдо марказида бир неча портлаш рўй бергани ҳақида айтишди.

Хабарлардан бирида ҳужум қилган шахс бинонинг орқа эшиги орқали қочиб кетгани ҳам айтилди. Таиланд соғлиқни сақлаш вазири маълумотига кўра, амалиёт вақтида бир полициячи ҳалок бўлган ва икки полициячи жароҳатланган.

Мотивлар маълум эмас
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Би-би-си мухбирига ҳужум вақтида бир гуруҳ одамлар билан бирга бинонинг тўртинчи қаватидаги ҳожатхонага яширингани ҳақида сўзлаб берган. Кейин у иккинчи қаватгача тушишга эришган ва у ердаги ресторанда уч соат давомида стол остида яшириниб ўтирган. Шундан кейин у бир неча ўқ овозини эшитган, кейин эса ресторан ҳудудига кириб келган ҳарбийларни кўрган, улар уни хавфсиз жойга олиб кетишган.

Ҳужум қилганнинг мотивлари номаълумлигича қолди. Аммо у ижтимоий тармоқда ўзининг ҳужумини ёритиб борган, ўз постларидан бирида таслим бўлиши керакми ёки йўқлиги ҳақида сўров ўтказган.

Аввалроқ эса тўппонча ва ўқ суратига илова қилиб «Хавотирга тушиш вақти келгани» ва «Ҳеч ким ўлимдан қочиб қутула олмаслиги» тўғрисида ёзган. Саҳифасида нашр қилинган суратлардан бирида у олов фонида жилмайганча суратга тушган.

Ҳозирда унинг фейсбукдаги саҳифаси блокланган.
Фейсбук маъмурияти бу борада изоҳ берган: «Биз жабрланувчиларга ва бутун шаҳар аҳолисига ҳамдардлик билдирамиз. Фейсбукда бундай ҳайвонларча ҳаракат қилувчиларга ўрин йўқ. Ва биз бундай ҳужумларни қўллаб-қувватлаш ва маъқуллашга ҳам имкон бермаймиз».

Таиланд бош вазири Прают Чан-Оча яқин вақтлар ичида Накхонратчасимга боради ва матбуот анжумни ўтказади. У шунингдек қурбонларнинг яқинлари ва жабрланувчилар билан учрашишни режалаштирган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий аҳолидан жабрланувчилар учун қон топширишни сўраган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Таиландда одамларга ўт очган ҳарбий 21 кишини ўлдирди. Полиция уни отиб ташлади (фото, видео)