date
views 4 366

Коронавирус SARS’дан ўзиб кетди. Сўнгги маълумотлар

Коронавирус SARS’дан ўзиб кетди. Сўнгги маълумотлар
Вирусдан зарарланганлар сони 37 мингдан ошди
Расмий маълумотларга кўра, коронавирус ўчоғи бўлган Хитойнинг Хубэй провинциясидаги қурбонлар сони 780 нафарга етган.
Жами ўлимлар сони 813тани ташкил этмоқда. Икки ўлимдан ташқари (Филиппин ва Ҳонгконг) барча ўлимлар Хитойнинг материкдаги қисмида қайд этилган.

2003 йилда 20дан ортиқ давлатда SARS эпидемияси (оғир ўткир респиратор синдроми) оқибатида ҳалок бўлганлар сони 774 нафарни ташкил этган. Янги коронавирус 37 мингдан ортиқ кишида аниқланган.

ЖССТ январь ойи охирида коронавирус тарқалишини жаҳон миқёсидаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Хитой янги турдаги коронавирус 2019-nCoV келтириб чиқарувчи пневмонияни вақтинча NCP деб номлади.

«Янги турдаги касалликка вақтинча «янги турдаги коронавирус келтириб чиқарувчи зотилжам» номини беришга қарор қилинди. Унинг инглиз тилидаги номланиши Novel Coronavirus Pneumonia бўлиб, қисқартмаси NCP шаклида», дейилади Хитой соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси баёнотида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида ҳозирча унга халқаро ном берилмаган.

Сўнгги маълумотлар
Хубэй провинциясида шанба куни 81 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Шу тариқа, ушбу ҳудуддаги қурбонлар сони 780 нафарни ташкил этди.
Хитойнинг материк қисмида қайд этилган ўлимларнинг жами сони 811тага тенг.

Хитойликлар инфекциядан ҳимояланиш учун экстраординар чоралар ҳам қўлламоқда
Янги 2019-nCov коронавируси илк марта Ухан шаҳрида аниқланган, кўп ўтмай бу шаҳарда қатъий карантин ҳолати жорий этилиб, шаҳарга кириш ва ундан чиқиш ёпиб қўйилган.

ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус шанба куни эпидемия асосан Хубэй провинцияси ҳудудида қолаётгани ва сўнгги тўрт кунда вирусдан зарарланганлар сони барқарорлигича қолганини қайд этган.

Аммо, унинг сўзларига кўра, эпидемия ўзининг юқори чўққисига етиб бўлгани ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта, чунки бундай эпидемиялар секинлашгач, яна янги куч билан тарқалишни бошлаши мумкин.
Якшанба куни Хитой ҳукумати Хубэйдаги мактаблар биринчи мартга қадар очилмаслигини маълум қилди.

Йокогама портида карантинга олинган «Даймонд Принцесс» круиз лайнерида яна олти кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Айни вақтга келиб Японияда вирусдан зарарланганлар сони 96 нафарга етган ва шундан 70 киши мазкур кемада вирус юқтириб олган.

«Ворлд Дрим» кемасида ҳам карантин эълон қилинганди
Ҳонгконгдаги «Ворлд Дрим» круиз лайнери ҳам портда тутиб турилганди, ундаги йўловчиларда ҳамда экипаж аъзоларида вирус аниқланмади ва кемага портни тарк этишга рухсат берилди. Кеманинг собиқ йўловчиларидан саккиз нафарида коронавирус аниқлангани туфайли улар изоляция қилинганди.

Ҳонгконг ҳукумати Хитойнинг материкдаги ҳудудида бўлган барчага икки ҳафталик карантин жорий этган. Карантин тартибларини бузганлик учун катта миқдордаги жарима ва қамоқ жазоси таҳдид солади. Ҳонгконгда 26 нафар бемор аниқланган.

Пайшанба куни Уханда 60 ёшли америкалик вафот этган, бу хорижликлар орасидаги илк ўлим ҳолати бўлди.
Шанба куни Францияда беш киши, жумладан 9 ёшли бола вирусдан зарарлангани тасдиқланди, уларнинг барчаси Британия фуқаролари бўлиб, улар яқинда Сингапурдан қайтган британиялик билан бирга яшашган. Францияда коронавирусдан зарарланганлар сони 11 нафарни ташкил этмоқда.

Вирус ҳақида илк бор декабрдаёқ хабар берган доктор Ли Веньлианнинг ўлими Хитойда кўпчиликнинг ғазабини келтирди

Янги вирус ҳақида нималар маълум?
- 2019-nCoV вируси - коронавируснинг шу вақтга қадар одамзодга юқмаган вариантидир.
- Коронавируслар - вируслар оиласи бўлиб, 38 турдаги вирусларни ичига олади, фақат 6таси (янги вирус билан - етти) инсонга юқади.
- Тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, вирус одамга ҳайвондан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.
- Зарарланиш симптомлари: ҳарорат кўтарилиши, йўтал, нафас олиш қийинлашиши.
- Одамларга жониворларга яқинлашмаслик, яхши қайнатилмаган ёки яхши қовурилмаган гўштларни ёки тухумларни истеъмол қилмаслик, шунингдек, шамоллаш ёки грипп касалликлари белгилари мавжуд бўлган одамлар билан алоқа қилмаслик тавсия этилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус SARS’дан ўзиб кетди. Сўнгги маълумотлар