17:47 / 10.02.2020
4 581

ЖССТ раҳбари коронавирус бўйича баёнот билан чиқди

ЖССТ раҳбари коронавирус бўйича баёнот билан чиқди
Фото: Aly Song/Reuters
Янги 2019-nCoV коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазият мутахассислар ҳозирги кунда тахмин қилаётганидан жиддийроқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Twitter’даги саҳифасида ёзди.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, Хитойда бўлмаган кишилар томонидан вируснинг янги турини юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Унинг фикрича, бу ҳолатлар юқумли касаллик бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалиши мумкинлигидан далолат беради. «Қисқача айтганда, биз айсбергнинг учини кўриб турибмиз», - дейди Гебрейесус.

Тедрос Аданом Гебрейесус
Фото: Salvatore Di Nolfi/AP/TT

Хитойдан ташқарида вируснинг тарқалиш суръати ҳозирча паст даражада, аммо кейинчалик у тезлашиши мумкин, дея огоҳлантирди ЖССТ раҳбари. Гебрейесус барча давлатларни инфекциянинг кириб боришига тайёргарлик кўриш учун «имкониятлар дарчасидан» фойдаланишга чақирди. «Бу касалликни лабораторияда тезда ташхислаш имкони, алоқаларни кузатиб бориш ва соғлиқни сақлаш арсеналида бошқа воситаларни ўз ичига олишни англатади», - дея қайд этди Гебрейесус.

Ҳозирги кунда коронавирус инфекциясини самарали даволай оладиган препарат мавжуд эмас, дея огоҳлантирган ЖССТ вакиллари. Шу билан бирга, ташкилотда қайд этишларича, ўз вақтида ёрдам бериш, шу жумладан, нафас олиш ва тўғри парваришлашда кўмак кўрсатиш беморларга асқотиши мумкин.

Илгари номаълум бўлган коронавирус ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқалишни бошлаган эди. ЖССТ сўнгги маълумотларига кўра, касалланганлар сони 37 мингдан ошди, уларнинг аксарияти Хитойнинг материк қисмида. Мамлакатдан ташқарида 307та тасдиқланган касалланиш ҳолати қайд этилди. Вирус туфайли келиб чиққан пневмония (зотилжам)дан 910 киши, шу жумладан икки киши ХХРдан ташқарида - Филиппин ва Ҳонконгда вафот этди.

Лондондаги Гигиена ва тропик касалликларни тадқиқ қилиш мактаби олимлари хулосасига кўра, декабрь ойи охирида қайд этилган коронавируснинг тарқалиши февраль ойи иккинчи ярмида энг юқори даражага етиши мумкин. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қарийб 500 минг киши касалланади.

Хитой айни вақтга келиб янги турдаги коронавирус тарқалиши олдини олиш учун 10,3 млрд доллар маблағ ажратди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖССТ раҳбари коронавирус бўйича баёнот билан чиқди