09:57 / 20.02.2020
5 189

Туркманистонда Ўзбекистон телеканалларининг эфири тўхтатиб қўйилди

Туркманистонда Ўзбекистон телеканалларининг эфири тўхтатиб қўйилди
Фото: «РБК»
Тахминан 10 февралдан бошлаб Ўзбекистондаги бир қатор телеканаллар Туркманистоннинг TurkmenAlem 52E / MonacoSat алоқа сунъий йўлдошидан ўчириб қўйилди. Улар орасида «Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», «Кинотеатр», «Тошкент», «Болажон», «Спорт» ва бошқа телеканаллар бор. Бу ҳақда «Turkmennews»га таяниб Дарё хабар берди.

Қайд этилишича, эфирнинг тўхтатилиши сабаблари номаълум, аммо Мари вилоятидаги аҳоли вакилининг сўзларига кўра, бу январь ойида «Севимли» телеканали томонидан эфирга узатилган Американинг «Олти арвоҳ» фильми билан боғлиқ бўлиши мумкин. Фильм қаҳрамонлари тўқима Тургистон давлатининг диктатор раҳбари ролини ўйнаган.

Фильм эпизодлари Туркманистонни эсга солади. Сценарий бўйича Тургистон Ўзбекистоннинг ғарбий томонида жойлашган, фильмдаги автомобилларнинг давлат рақамлари Туркманистонникига ўхшайди, баъзи жойларда туркман тилидаги гаплар эшитилади ва ҳатто Туркманистоннинг ҳақиқий давлат рамзлари ҳам кўринади.

Аҳоли вакилининг сўзларига кўра, «Севимли» телеканали Туркманистоннинг сунъий йўлдошида мавжуд эмас эди. Аммо Туркманистон расмийлари барча ўзбек телеканалларини узишга қарор қилган бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, ушбу сунъий йўлдошдаги бошқа давлатларнинг телеканаллари, масалан, Тожикистон телеканаллари эфирни давом эттирмоқда.

Аввалроқ мазкур фильм экранларга чиққанидан ва унинг атрофидаги шов-шувлардан сўнг, Туркманистон расмийлари DVD фильмларни ижарага бериш жойларини ёпган. Шунингдек, улар давлат хизматчилари ва мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказиб, уларга Ғарб ташвиқотининг хавфлилиги ҳамда АҚШнинг Туркманистон давлатчилигини бузишга уринишлари ҳақида гапирган.

АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси мазкур ҳолатга берган изоҳида фильм хусусий компания томонидан яратилганлигини таъкидлаган. Америка Қўшма Штатлари ва АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси Туркманистон билан кучли ва самарали алоқаларни қўллаб-қувватлаши қайд этилган.

Аввалроқ Туркманистонда ўқитувчилар яшил рангдаги блокнот ва ручкалардан фойдаланишга мажбурланаётгани ҳақида хабар берилган эди. 2020 йил 1 февралдан эътиборан Туркманистон давлат муассасалари ва корхоналарининг 40 ёшдан ошган эркак ходимларига сочларини қорага бўяш тақиқланган. Табиий соч рангига эга эркаклардан сочларининг рангини бироз оқартириш талаб қилинди. Эндиликда Туркманистон президенти билан учрашишга фақат оқ сочли эркакларгагина рухсат берилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистонда Ўзбекистон телеканалларининг эфири тўхтатиб қўйилди