09:46 / 23.02.2020
3 985

Италияда коронавирус юқтирганлар сони кескин ошиб кетди

Италияда коронавирус юқтирганлар сони кескин ошиб кетди
Фото: EPA-EFE/NICOLA FOSSELLA
Италия Европа давлатлари орасида янги турдаги коронавирус юқтирганлар сони бўйича 1-ўринга чиқди. Шунингдек, у коронавирусдан ўлим ҳолатлари қайд этилган Европадаги ягона давлат бўлиб турибди.

Италияда охирги икки кун ичида коронавирусга чалинганлар сони 4 нафардан 76 нафаргача кўпайди. Бу ҳақда 23 февралда Италиянинг фуқаролар муҳофазаси департаменти бошлиғи Анжело Боррелли маълум қилди.

76 та касалланиш ҳолати 5 та вилоятда қайд этилди: Ломбардияда 54 та, Венетода 17 та, Эмилия-Романьеда 2 та, Лациода 2 та ва Пьемонтеда битта”, деб маълум қилган Боррелли.

Таъкидланишича, 33 киши шифохонага жойлаштирилган, 18 киши жонлантириш бўлимларида, 11 киши ўз уйида кузатув остида қолмоқда, 2 киши вафот этган.

Италия ҳукумати касалликнинг тарқалиши олдини олишга қаратилган чоралар кўриш бўйича махсус декрет қабул қилди. Кўриладиган чоралар орасида оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш, ўқув ва меҳнат фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш ва карантинга риоя қилиниши учун ҳарбийларни жалб қилиш кабилар бор.

Биз ўтказиш пунктлари ўрнатамиз, керак бўлса, қуролли кучларни жалб қиламиз”, деб айтган Италия бош вазири Жузеппе Конте.
Бош вазирнинг таъкидлашича, вирус тарқалиш ҳудудларига, муайян ҳолатлардан ташқари, кириш ва улардан чиқиш тақиқланади. Ушбу ҳудудларда меҳнат фаолияти, оммавий тадбирлар ва ўқиш тўхтатилади.

Лоди вилоятида 50 мингга яқин одам ўз уйларида карантинда қолмоқда. 10 та шаҳарда мактаблар, боғчалар, дўконлар ва бошқа жамоат жойлари ёпилган.
Ҳудудий поездлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган одамлар яшайдиган шаҳарлардан тўхтамай ўтиб кетиши белгиланган.

Эпидемия билан қамраб олинган шаҳарларда ҳар қандай оммавий ва спорт тадбирлари, жумладан карнаваллар, савдо тақиқланади. Бу ҳудудларда 14 кунлик карантин эълон қилинган.
Шунингдек, Италия шимолида коронавирус кенг тарқалган 3 та вилоятда ҳаракатланиш чеклаб қўйилди.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони 648 нафарга кўпайиб, умумий сони 76936 нафарга етган. Шунингдек, касалликдан 97 киши вафот этган, қурбонлар умумий сони 2442 нафарни ташкил қилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Италияда коронавирус юқтирганлар сони кескин ошиб кетди