22:55 / 23.02.2020
2 783

Кремль Туркияни Сурия бўйича келишув шартларини бажармаганликда айблади

Кремль Туркияни Сурия бўйича келишув шартларини бажармаганликда айблади
Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған (Фото: kremlin.ru)
Туркия 2018 йил сентябрида Сочида тузилган Сурия бўйича келишувга риоя қилмаяпти. Бу ҳақда «Россия 1» телеканалидаги «Москва. Кремль. Путин» дастурида россияликлар президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди.

Унинг қайд этишича, икки мамлакат президенти Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан имзоланган келишувда Анқара «ҳарбий кучлар тарқатиб юборилиши, чегаралар белгиланиши, оғир техникалар олиб кетилиши ва бошқа шартлар»ни таъминлаши керак эди. Келишув Идлиб вилоятида деэскалация ҳудуди ташкил этиш ва Сурия ҳукумати назоратига ўтмай қолган ҳудудларда ўт очишни тўхтатишни назарда тутарди.

Песковнинг сўзларига кўра, Идлибдаги жангарилар «ажойиб даражада қуроллантирилган» ва уларда тушунарсиз тарзда ҳарбий техникалар пайдо бўлиб қолган. «Улар доимий равишда аскарий анжомлар, ўқ-дорилар ва ҳарбий техника билан таъминлаб келинмоқда», — деган матбуот котиби. Унинг ҳисоблашича, Сурия шимолидаги провинцияда кузатилаётган вазият «вазият нормаллашганидан дарак бермайди».

Бундан аввалроқ Кремль расмийси Россия Сурия бўйича келишув шартларидан қониқиш ҳосил қилгани, аммо Идлибдаги вазият кескинлаша бошлагач, «қониқиш якунлангани» ҳақида айтганди. Провинциядаги вазият февраль ойи бошида ёмонлаша бошлади, ўшанда туркларнинг Тафтаназ шаҳри яқинида жойлашган кузатув постига артиллерия зарбаси берилиши оқибатида беш нафар туркиялик ҳарбий ҳалок бўлганди. Шундан сўнг, Туркия Сурия армиясидаги 115та нишон бўйлаб зарбалар йўллади.

20 февраль куни Туркия қўллаб-қувватлайдиган Сурия мухолифати Башар Асад армияси позицияларига юриш бошлади. Туркиянинг қуруқликдаги қўшинлари Сурия армияси мудофаасини ёриб ўтишга қаратилган ҳужумларга артиллерия билан кўмак бермоқда. Ўз навбатида, Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётлари гуруҳи Сурия шимолида айирмачи кучлар позицияларига зарбалар йўлламоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бу зарбалар жангарилар ҳужуми олдини олиш учун йўлланган. Туркия Мудофаа вазирлиги сўнгги авиазарбалар оқибатида Идлибда яна икки нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлади, аммо бу қурбонлар қайси армия авиазарбалари оқибатида берилганига аниқлик киритилмади.

21 февраль куни Путин ва Эрдўған телефон орқали мулоқотида «Идлибдаги вазият бўйича маслаҳатлашувларни фаоллаштириш»га келишиб олган. Анкара маълумотида айтилишича, мулоқот чоғида Эрдўған Сурия президенти Башар Асад кучлари зиддиятда максимал даражада ўзини тийиши кераклиги ҳақида гапирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кремль Туркияни Сурия бўйича келишув шартларини бажармаганликда айблади