12:10 / 01.03.2020
3 266

Коронавирус: АҚШда илк ўлим ҳолати, Жанубий Корея армияни сафарбар қилган

Коронавирус: АҚШда илк ўлим ҳолати, Жанубий Корея армияни сафарбар қилган
Жанубий Корея аскарлари Тэгу шаҳрини дезинфекция қилмоқда / AFP
Шанба куни Жанубий Кореяда коронавирусдан зарарланганлар сони кескин ўсди. Айни вақтда мамлакатда вирус юқтирганлар сони 3 150 нафарга етган ва бу мамлакат беморлар сони бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринда турибди. Ҳукумат вирусга қарши курашга армияни сафарбар қилган.

Ҳарбий хизматчилар мамлакат жануби-шарқидаги Тэгу шаҳрини дезинфекция қилиш ишларини амалга оширишмоқда, ушбу шаҳар мамлакатдаги вирус тарқалиши ўчоғи бўлганди. Ҳукумат «Синчхончжи» диний сектаси аъзоларини вирус тарқалиши манбаи деб ҳисобламоқда, улар мамлакатда вирус тарқала бошлаганидан кейин ҳам Тэгу оммавий маросимлар ўтказишган.

Жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг глобал хавфини «жуда юқори» даражага кўтарганди. ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесес агар вирус тарқалиши олди олинса, эпидемия тўхтатилиши мумкинлигини таъкидлади. У касалликка қарши вакциналарнинг дастлабкилари бир неча ҳафта ичида чиқишини маълум қилди. «Дунёда 20дан ортиқ вакцина ишлаб чиқилмоқда ва бир қатор дориларнинг клиник тадқиқотлари олиб борилмоқда», деди у.

Жаҳондаги вазият
Яна кўплаб давлатлар ўз ҳудудида коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолатлари ҳақида маълум қилмоқда. Хитойнинг ўзида эса вирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилиши ўсаётгани йўқ.

Хитойдан ташқарида вирус тарқалиши кўрсаткичи
АҚШнинг ғарбий штатлари - Калифорния, Орегон ва Вашингтонда - вирусдан зарарланишнинг яна тўрт ҳолати қайд этилган, лекин бу беморлар бошқа давлатлардан келганлар билан алоқада бўлмаган.
ЖССТ маълумотига кўра, АҚШда коронавирусдан зарарланишнинг жами 62 ҳолати тасдиқланган.

Австралияда ҳам коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Ундан «Даймонд принцесс» кемасида бўлган 78 ёшли эркак вафот этган. Эркак ва унинг 79 ёшли рафиқаси бир ҳафтача аввал коронавирус тарқалиши қайд этилган кемадан эвакуация қилинган.
Айни вақтда «яшил қитъа»да коронавирусга чалинган 25 киши аниқланган.

Бу орада Арманистонда коронавирусдан касалланган биринчи киши аниқланди. Мамлакат бош вазири Никол Пашинян Facebook’да маълум қилишича, бемор 28 февралда Эрондан рафиқаси билан келган 29 ёшли эркакдир.

Ким Чен Ин халқ армиясининг ўқув машғулотларини кузатмоқда. Ундан бошқа барча ҳарбийлар ниқоб тақиб олган. Фото: KCNA
Шунингдек, КХДРда вирусдан зарарланиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлмоқда. КХДР раҳбари Ким Чен Ин инфекция мамлакатга кириб келиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

АҚШда нималар бўлмоқда?
Вашингтон штатининг Кинг-Каунти округида 19-NCoV коронавирусининг АҚШдаги илк қурбони қайд этилди. Марҳум 50 ёшда бўлган, у сўнгги вақтларда мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқмаганди.

Штат губернатори Жей Инсли коронавирус тарқалиши ва АҚШда ундан илк ўлим ҳолати қайд этилгани сабабли штат ҳудудида фавқулодда ҳолат режими киритилишини эълон қилди. Губернатор давлат муассасалари ва департаментларига коронавирус тарқалишига қарши давлат ресурсларини қўллаш ва барча имкони бор чорани кўришни буюрган. Бундан ташқари, режим вирусга қарши курашда штат миллий гвардиясини жалб этишни кўзда тутади.

Аввалроқ штатда ўрта мактаб ўқувчилари вирусдан зарарлангани ҳақида хабар тарқалганди. Айни вақтда АҚШ ҳудудидани вирусдан зарарланганларнинг 22 нафари мамлакат ҳудудидан чиқмасдан ва вирусдан чалинганлар билан алоқада бўлмаган ҳолда вирус юқтириб олган.

Калифорнияда ҳимоя воситалари зудлик билан сотилиб кетмоқда / EPA
Жума куни Калифорния штатининг Санта-Клара шаҳри ҳукумати вирус сурункали касалликка чалинган бемор аёлда аниқланганини маълум қилганди. Маълум қилинишича, у мамлакатдан ташқарига чиқмаган ва вирусдан зарарланганлар билан алоқада бўлмаган.
Орегон штатида Клакамас округида мактаб ўқитувчисининг коронавирусни аниқлаш бўйича топширган тести натижалари ижобий чиққан.

Жума куни президент Дональд Трамп демократларни коронавирус тарқалиши ҳақидаги хабарларни сиёсийлаштиришда айблади. Жанубий Калифорниядаги митингда чиқиш қилган президент демократлар томонидан илгари сурилган очиқ чегара сиёсати америкаликлар ҳаёти учун хавф эканини айтиб ўтди. Унинг фикрича, гап жамоатчиликни алдаш тўғрисида бормоқда.

Коронавирус билан боғлиқ бошқа воқеалар:
- Айни вақтга келиб коронавирус тасдиқланган давлатлар сони 50дан ошди.

- Бутун дунё бўйлаб вирусдан зарарланганлар сони 85 409 минг кишида вирус қайд этилган, уларнинг аксар қисми Хитойда, бу мамлакатда вирус беморлари сони 79 824 нафар, қурбонлар сони - 2870 киши. 41 625 минг киши соғайиб кетган. 29 февраль куни бутун мамлакат бўйлаб 573та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, 35 киши вафот этган.

- Британияда вирусдан зарарланганлар сони 23 нафарга етган (сўнгги қайд этилган бемор вирусни Британия ҳудудида юқтирган).
Италияда 1128 ҳолат қайд этилган, 29 нафар бемор вафот этган.

- Эрон шанба куни вирусдан зарарланганлар сони 593 нафарга етгани, 43 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди. Аммо норасмий маълумотларга кўра, ҳақиқий сонлар бутунлай бошқача. Би-би-си нашри мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбага таяниб хабар беришича, ҳақиқий аҳвол яширилмоқда ва аслида бугунги кунга келиб вирус қурбонлари сони камида 210 нафарни ташкил қилади.

- Жума куни коронавирусдан илк британиялик ўлим топди - бу «Даймонд принцесс» круиз лайнери йўловчиларидан бири эди.

- Таиландда ҳам илк ўлим ҳолати рўй берган, вирус қурбони 35 ёшли эркак бўлди.

- Коронавирус сабабли дунё биржалари кескин йўқотишларга учрамоқда. Якунланаётган ҳафтада жаҳоннинг 100та етакчи компанияси (FTSE индекс) акциялари баҳоси 18 фоизга пастлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: АҚШда илк ўлим ҳолати, Жанубий Корея армияни сафарбар қилган