09:09 / 11.03.2020
2 733

Афғонистон президенти “Толибон” аъзоларини озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади

Афғонистон президенти “Толибон” аъзоларини озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади
Фото: REUTERS/Mohammad Ismail/File Photo
Афғонистон президенти Ашраф Ғани асирга олинган толибларни афв этиш ва озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра 1,5 минг толиб озод этилади.
Бу ҳақда Афғонистон президенти расмий вакили Содиқ Содиқийга таяниб Tolo news телеканали хабар берди.
Толибларнинг озод этилиши АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тузилган тинчлик сулҳининг шартларидан бири эди.

Толиблар 15 кун давомида ҳар куни 100 кишидан озод қилинади. Фармонда айтилишича, барча озод этилганлар “жанговар ҳаракатлар ҳудудига қайтмасликка ёзма равишда ваъда бериши” керак бўлади. Толибларнинг озод қилиниши 4 кун ичида бошланади.

АҚШ ва “Толибон” ўртасида тузилган келишувга кўра, Афғонистон ҳукумати 5 минг толибни озод қилиши керак. Ғани имзолаган фармонда агар музокаралар муваффақиятли давом этса, ҳукумат кўрсатилган сондаги маҳбусларнинг барчаси қўйиб юборилмагунча кунига 500 кишидан озод қилиши белгилаб қўйилган.

9 март куни АҚШ келишувнинг ўзига тегишли бандини бажаришга киришиб, Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни бошлади. АҚШ 14 ой ичида барча қўшинларини олиб чиқишга ваъда берган. Шунингдек, НАТО ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон президенти “Толибон” аъзоларини озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади