14:21 / 17.03.2020
7 679

Хитой расмийси: Коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган

Хитой расмийси: Коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган
Фото: «AP».Хитой ТИВ расмий вакили Чжао Лицзянь.
Хитойда коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган деган фараз кенг муҳокама этилмоқда. Ушбу иддао даставвал Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь томонидан илгари сурилди.

Дипломат ушбу инфекция Хитойнинг Ухань шаҳрига АҚШ ҳарбийлари томонидан келтирилгани эҳтимолига урғу бериб, бу борада расмий Вашингтондан изоҳ талаб қилди.

Бу ўринда Хитой ТИВ вакили 2019 йил октябрь ойида Ухань шаҳрида ташкил этилган Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларини назарда тутмоқда. Ушбу мусобақаларда АҚШ мудофаа вазирлигининг 280 дан зиёд спортчилари ҳам қатнашган.

Дипломатнинг дипломатия қоидаларига тўғри келмайдиган ушбу даъвоси Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида гўё қанот боғлаб учди ваа шов-шувларга сабаб бўлди. АҚШ Давлат департаменти Хитой элчисини суҳбатга чақириб, масъулиятсизларча берилган баёнот борасида изоҳ талаб қилди.

Пекинда ўтадиган ҳафталик матбуот анжуманида вазирликнинг бошқа бир вакили Гэн Шуан ҳам АҚШни Хитойни обрўсизлантиришда айблади.
Хитой ҳукуматига қарашли Global Times газетаси эса куни кеча вирус Пентагон томонидан тарқатилгани ҳақидаги фитна назариясини «исботлаш»га уринди.

Табиийки, Хитойлик дипломат томонидан илгари сурилган «назария» шунчаки популистик баёнот деб баҳоланмоқда. «Коммерсант» шарҳловчиси Сергей Строканга кўра, бу «қўрққан олдин мушт кўтарар» қабилидаги бир уриниш, холос.

Геосиёсий муаммолар академияси президенти Константин Сивков ҳам ушбу фаразни ҳақиқатдан буткул йироқ деб ҳисоблайди. «Агар вирусни АҚШ Хитойга диверсия мақсадида ишлаб чиққан бўлса, нега ўз ҳудудига тарқалишига йўл қўйди?» дея мантиқли савол беради К.Сивков.

Расмий Пекиннинг Вашингтонга қарши баёнотларини «тушуниш» мумкин. Гап шундаки, АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитой раҳбариятини коронавирус тарқалиши ҳақидаги ахборотни яширишга уринишда айблади. М.Помпеога кўра, расмий Пекин вазиятни аввал-бошда очиқ тан олиб, эпидемия ҳақида бор ҳақиқатни ошкор этганида эди, дунё ҳамжамияти қимматли вақтни бой бермаган бўлар эди.

Уханда номаълум хасталик 2019 йил декабрь (айрим манбаларга кўра, ноябрь) ойида қайд этилган. Хитой расмийлари эса янги эпидемия ҳақида 2020 йил 20 январда маълум қилган. Февраль ойи ўрталарига қадар ушбу вирус асосан Хитой бўйлаб ёйилган. Кейин эса у вабо каби бутун дунёга тарқалди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йил 11 март куни коронавирус тарқалиши ҳодисасини пандемия дея эълон қилди. Ушбу хасталик ҳозирга қадар 155 мамлакатга кириб борди.

Собир Салим

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой расмийси: Коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган