10:38 / 18 марта 2020
963

Владимир Зеленский коронавирусга қарши кураш учун бизнесменлардан 500 млн доллар сўради

Владимир Зеленский коронавирусга қарши кураш учун бизнесменлардан 500 млн доллар сўради
Фото: «РИА Новости»
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатдаги бизнесменларга мурожаат қилди ва улардан янги турдаги COVID-19 коронавирусига қарши курашда ёрдам беришни, жараёнга тахминан 500 миллион АҚШ доллари ажратишни сўради. Бу ҳақда «РБК»га таяниб Дарё хабар берди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилган.
«Мен мамлакатнинг уларни узоқ вақт давомида боқиб келганини эслатдим. Энди сизларнинг ҳам ватанга кўмак берадиган вақтингиз келди, деб айтдим», — дея таъкидлади Зеленский.

Зеленский пулларнинг ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган алоҳида жамғарма ҳисобига ўтказилиши ҳақида айтиб ўтган.
Бизнесменлар билан учрашув 16 март куни ўтказилди, — дейилади Украина президенти расмий сайтидаги хабарда. Хабарга кўра, учрашувда тадбиркорларнинг мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши курашга ҳисса қўшиши лозимлиги муҳокама қилинган.

«Хусусан, катта миқдордаги тестлар хариди ва етказиб берилишида тадбиркорларнинг кўмак бериши, тиббиёт ускуналарини, ҳимоя ва дезинфекция воситаларини олишга ҳиссасини қўшиши ҳақида суҳбатлашилди», — дейилган хабарда.

Зеленский Олий Радага барча барлар, савдо марказлари ва спорт залларининг ишлашини тақиқлашни таклиф қилган. Ушбу чоралар 17 март, сешанба куни, ярим тундан кучга кирди. Шу билан бирга, ресторан ва кафеларга тайёр овқатларни уйларга етказиб бериш хизматига ўтишга имкон берилади. Шунингдек, вирус тарқалишига қарши чора сифатида метрони 18 март, чоршанба куни, пешиндан кейин ёпиб, шаҳар ва туманлар ўртасида темир йўл, авиа ва автобус ҳаракатини тўхтатиш таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Украинада биринчи марта коронавирус билан касалланиш ҳолати 3 март куни аниқланганди. 12 март куни Украинанинг Житомир вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалхонага ётқизилган 71 ёшли аёл вафот этди. Киевда 12 мартдан бошлаб коронавирус бўйича карантин жорий этилди, оммавий тадбирлар тақиқланади ва мактаблар ёпилди.

Украина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 13 мартдаги маълумотларига кўра, Житомир вилоятидаги ҳолатдан ташқари мамлакатда коронавирус билан касалланиш бўйича яна иккита ҳолат аниқланган, уларнинг иккаласи ҳам Черновци вилоятида қайд этилган. 2020 йил бошидан бери Украина Соғлиқни сақлаш марказига COVID-19 да гумонланиб, 55 та хабар келиб тушган, уларнинг 49 таси тасдиқланмаган, учтаси текширилмоқда.

17 март куни Украина Президенти Владимир Зеленский STV телеканалида намойиш этилган дастурда фуқароларга COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чоралари сифатида мамлакатда жорий этилган карантин пайтида демографик инқирозга қарши курашишни тавсия қилгани ҳамда Украинада коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмония касаллигидан иккинчи бемор вафот этгани хабар қилинди.

Владимир Зеленский коронавирус бизнесмен
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)