09:40 / 22 марта 2020
1 570

Коронавирус ҳақида нималарни билиш керак? Асосий саволларга жавоблар

Коронавирус ҳақида нималарни билиш керак? Асосий саволларга жавоблар
Фото: iStock / Getty Images
Covid -19 эпидемияси авж олиши жараёнини кузатиб бораётган мутахассисларнинг аксарияти эртами-кечми коронавирус дунё аҳолисининг катта бўлмаса-да, сезиларли қисмини зарарлашини тахмин қилишмоқда.
Ҳатто инфекция мустаҳкамланади ва одатий грипп каби мавсумий ҳолга келади, деган тахмин ҳам мавжуд.

Унинг юқиши фақат вақт масаласи бўлса, қандай қилиб касалликнинг олдини олиш ҳақида эмас, балки унга қандай тайёргарлик кўриш ҳақида ўйлаш керак: душманни юзидан таниган маъқул.
BBC’нинг рус хизмати SARS-CoV-2 коронавируси ҳақида энг очиқ саволларга жавоб беради.

Вируснинг ўзи нима?
Вирус — бу ҳимоявий оқсил қатламга ўралган майда генетик код парчаси. Унинг зарралари шунчалик кичикки, уни одатий микроскопда ҳам аниқлаб бўлмайди: 100 миллион нусхадаги янги коронавирус игна учига осонгина жойлашади.

Митти ҳажм — бу вируслардан ҳимояланиш жуда мушкуллигининг сабаблардан биридир. Инфекция юқтирган беморнинг ҳар йўталишида ҳар бирида миллиардлаб вирус зарралари бўлиши мумкин бўлган майда тупук томчилари учиб кетади.
Вирус ҳужайрага кириб, уни оддий оқсиллар ўрнига вирус нусхаларини яратишга мажбур қилади — инфекция шундай ривожланади.

Янги коронавирус қаердан пайдо бўлган?
Фанга ўнлаб миллион вируслар маълум ва янги, илгари номаълум турлар доимий равишда кашф қилинмоқда.
Шу билан бирга, уларнинг аксарияти одамлар учун мутлақо безарардир — атиги бир неча юз вирус турлари хавф туғдиради ва ҳатто иммунитетимиз эволюция босқичларида уларнинг аксариятига қарши муваффақиятли курашишни ўрганган.

Фото: Getty Images
Бироқ вируслар ҳам ривожланиб боради ва баъзан мутация натижасида илгари фақат ҳайвонларда учраган инфекция инсон танасига кириб бориши мумкин.

Бундай «янги» вируслар айниқса хавфлидир, чунки одам иммунитети улар билан ҳеч қачон учрашмаган ва ҳимоя механизмини яратмаган.
Натижада, вирус эпидемияга айланиб, одамлар орасида фаол тарқала бошлайди. Айнан шу ҳолат ОИВ, SARS, MERS ва бугунги янги коронавирус билан содир бўлди.

Вирус ўзидан аввалги SARS ва MERS’дан қандай фарқ қилади?
Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби директори Питер Пиотнинг сўзларига кўра, SARS-CoV-2 тўртта муҳим фарқли хусусиятга эга.

Биринчидан, инфекцияланишдан кейинги бир неча кун мобайнида одам ҳеч қандай аломатларга дуч келмайди, аммо аллақачон бошқаларга юқтириши мумкин. Бу жуда ёқимсиз хусусият бўлиб, вирусни изоляциялашни сезиларли даражада мураккаблаштиради.
Масалан, SARS ҳолатида ҳамма нарса мутлақо акси бўлган: аломатлар дарҳол пайдо бўлган, аммо беморнинг атрофдагиларга хавф солиши бир неча кундан кейин бошланган.

Фото: Getty Images
Иккинчидан, беморларнинг 80 фоизигача бўлқан қисми оддий шамоллаш ёки грипп каби енгил ҳолсизликни сезади, деярли ҳар бешинчи (18 фоиз) инсон эса ўзида ҳеч қандай аломатларни сезмайди, аммо ўзи билмаган ҳолда ҳам у инфекция манбайи бўлиб қолмоқда.

Учинчидан, COVID-19 аломатлари одатий гриппга жуда ўхшаш бўлгани сабабли кўплаб беморлар ўзларининг янги вирус ташувчиси эканига шубҳа қилишмайди, лекин атрофдагиларга юқтиришда давом этишади.

Тўртинчидан, касалликнинг дастлабки босқичларида вирус айнан томоқда кўпаяди, шунинг учун вирус юқтириб олган одам ҳар қандай аксириш ва йўтал билан атрофга миллиардлаб вирус зарраларини сочади. Бемор биринчи навбатда йўталишни бошлайди — бошқа барча аломатлар кейинроқ пайдо бўлади (ёки пайдо бўлмайди).

Вакцина тайёр бўлишини қачонга кутиш керак?
Қисқа жавоб берганда — кутманг. Имкон қадар тезроқ ишлаб чиқилган тақдирда ҳам, сиз учун асқотиши даргумон.

Ваҳоланки вакцинанинг биринчи клиник синовлари аллақачон бошланган бўлса-да (бир вақтнинг ўзида турли мамлакатларда бир неча талқинлар синовдан ўтказилмоқда), ҳатто энг яхши натижада ҳам, ишчи вакцинани оммавий ишлаб чиқариш бошланиши 2021 йил охирига қадар чўзилади, бу вақт ичида инсонларнинг вирус хавф солаётган гуруҳларининг аксарияти аллақачон касалланишга улгуради.

Фото: Getty Images
Бундан ташқари, аксарият мутахассислар оптимистик нуқтайи назарга эга бўлишига қарамай, вакцина принципиал жиҳатдан яратилиши мумкинлигига кафолат ҳам йўқ.

Питер Пиотнинг эслатишича, ОИВга қарши вакцина яратишга уриниш, масалан, 35 йилдан бери давом этмоқда ва ҳали ҳам фойда йўқ. Гарчи бу вақт ичида касалликнинг олдини олиш учун бир нечта дорилар пайдо бўлган.

Вирус аслида қанчалик хавфли?
Бундай хавфни баҳолаш учун универсал миқёс мавжуд эмас. Аммо ҳар қандай касаллик хавфини аниқлайдиган асосий омиллар унинг юқумлилиги, яъни тарқалиш тезлиги ва енгиллиги ҳамда ўлим кўрсаткичидир.

Юқумлилиги
Хитойлик шифокорларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Уҳан шаҳрида (Хитойдаги янги коронавирус эпидемияси маркази ҳисобланадиган шаҳар) ҳар бир бемор ўртача 2,2 соғлом одамга вирусни юқтирган. Эпидемия пасайиши учун бу кўрсаткич 1дан паст бўлиши керак.

Бироқ, Уҳан зудлик билан карантинга олинганини эсга олсак, унинг юқумлилиги юқори бўлиши керак. Италияда вирус тарқалиши бошланиши билан, у ердаги ҳар бир бемор ўртача 3-4 соғлом одамни зарарланади.

Фото: Getty Images
Янги вирус оддий мавсумий грипп каби осон тарқалишига қарамай, унинг юқумлилиги юқорироқ. У ҳавода уч соат, пластик ва пўлат юзаларда уч кунгача ҳаётийлигини сақлаб қолади.

Ўлим даражаси
Олимлар янги коронавирусдан ўлимни барча беморларнинг 1-2 фоизи даражасида ҳисоблашмоқда. Бу одатдаги мавсумий гриппдан тахминан 20 баравар юқори, аммо SARS (10 фоиз) ва MERS (35 фоиз) эпидемиясининг яқинига ҳам бормайди.

Вирус иммунитети заиф ва сурункали касалликларга чалинган кекса одамлар учун энг хавфлидир. 70 ёшдан кейинги ёш гуруҳида ўлим даражаси 5 фоиздан ошади, 80 ёшдан ошганларнинг ҳар ўндан бири вирусдан нобуд бўлмоқда.

Вирусга қарши махсус даволаш курси мавжудми?
Қисқа жавоб — ҳозирча йўқ. Юқтириб олганлар фақат симптоматик даволмоқда, яъни касалликнинг ўзи билан эмас, балки унинг намоён бўлиши билан курашилмоқда.

Бироқ, шифокорлар таъкидлашларича, бу ваҳима қўзғаш учун мутлақо сабаб бўла олмайди. Беморларнинг аксарияти (80 фоиздан ортиғи) тиббий ёрдамга умуман муҳтож эмас. Улар уйда, оддий гриппга қарши воситалар ёрдамида даволанади ва одатдагидек, тахминан бир ҳафта ёки бироз кўп вақт мобайнида тикланади.

Фото: Getty Images
Касалланганларнинг фақатгина ҳар бешдан ёки олтидан бири учун шифохонага ётқизиш талаб қилинади — асосан кекса ва/ёки сурункали касалликларга чалинган одамлар.

Агар инфекция вирусли пневмонияга айланиб, бемор нафас олишда қийнала бошласа, у интенсив терапияга (реанимация) ўтказилади. Бундай беморларнинг улуши барча тасдиқланган ҳолатларнинг тахминан 4 фоизини ташкил қилмоқда.

Юқтириб олган ҳолатда нима қилиш керак?
Кўплаб тадқиқотлар ва моделлардан кўриниб турибдики, вирусга қарши курашнинг энг самарали воситаси — карантин, у атрофдагиларни зарарламаслик учун муҳим.

Гриппга биринчи шубҳа пайдо бўлиши билан (илк аломат йўтал, кейин енгил ҳарорат кўтарилиши мумкин) ўзингизни оила аъзоларингиздан ажратиб иҳоталанинг ва иложи бўлса, тўлиқ тикланмагунча уйдан чиқманг.

Антибиотикларни қабул қилманг — улар вирусларга қарши ҳеч қандай ёрдам бермайди.

Ҳар қандай шахсий алоқа учун ҳимоявий жарроҳлик ниқобини кийинг. Профилактика нуқтайи назаридан фойдасиз бўлган ниқоб бемор томонидан кийилганда унинг тупук томчиларини тўсиб, атрофдагиларни ҳимоя қилади.

Фото: Getty Images
Янги коронавируснинг одамдан одамга ўтиш тезлиги ва осонлигини ҳисобга оладиган бўлсак, эртами-кечми дунё аҳолисининг аксарият бўлмаса ҳам, катта қисми у билан касалланади.

У билан таққосланадиган «испанка» юқумли эпидемияси даврида (1918-1919 йиллар) вирус сайёранинг ҳар учинчи кишисига юққан, янги инфекция эса янада жадалроқ ҳаракатланади.

Шунинг учун Питер Пиот огоҳлантирмоқда: касалликка тайёр туриш керак, шу жумладан психологик жиҳатдан ҳам. Келгуси ҳафталарда ва эҳтимол бир неча ой ичида касалланганлар ва ўлимлар сони кўпаяди — айниқса аҳолини оммавий текшириш бошланганида.

Асосийси, ваҳимага тушманг. Сиз аллақачон уни юқтириб, истимасиз енгил йўтал ёки ҳеч қандай аломатларсиз «даҳшатли вирусдан» қутулиб бўлгандирсиз. Бўлиши мумкин.

эпидемия коронавирус
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)