20:32 / 27.03.2020
4 034

Германияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи ҳайратланарли даражада паст. Бунинг сабаби нимада?

Германияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи ҳайратланарли даражада паст. Бунинг сабаби нимада?
Фото: MAJA HITIJ / GETTY IMAGES
Германия коронавирус беморлари энг кўп бешта мамлакат қаторида турибди. Аммо ўлим кўрсаткичи – 0,5 фоиз.
27 март ҳолатига кўра, Германияда 47 мингдан ортиқ киши касалликка чалинган, аммо ўртача ўлим кўрсаткичи атиги 0,5 фоизни ташкил этмоқда.

Таққослаш учун, бу кўрсаткич Италияда – 10,1, Испанияда – 7,5, Эронда – 7,3 фоизга тенг.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу ҳолатга аниқ изоҳ бера олмади.

«Бунга жавоб йўқ, – деди ЖССТ ходими Ричард Пибоди. – Афтидан, бунга бир неча омиллар таъсир кўрсатмоқда».
Бунинг эҳтимолий сабаблари нима? Мутахассисларнинг фикри қуйидагича.

1. Сифатли тиббиёт
Германия соғлиқни сақлаш тизими ҳолати қўшни мамлакатларникига нисбатан анча яхши. Интенсив терапия бўлимлари 25 мингта койкага мўлжалланган бўлса, бу рақам Францияда – 7000, Италияда – 5000, Британияда эса 4000дан сал ортиқроқни ташкил этади.
Бу – беморларнинг яшаб қолиш имкониятини оширади.

Италия ва Франциядаги каби касалхоналар тўлиб кетишининг олдини олиш учун ГФР ҳукумати интенсив терапия бўлимларидаги койкалар сонини икки бараварга оширишини эълон қилди.

Меҳмонхоналар ва йирик жамоат бинолари енгил ва ўртача оғирликдаги беморлар даволанадиган касалхоналар сифатида қайта жиҳозланмоқда. Бу эса шифокорларга оғир касалларни даволашга эътибор қаратиш имконини беради.

2. Барвақт диагностика
Берлиндаги Charité клиникаси қошидаги вирусология институти директори Кристиан Дростеннинг айтишича, барвақт диагностика инфекцияга қарши курашда катта ёрдам беради.
«Биз касалликни эрта босқичидаёқ аниқлаш ва беморларни кузатиб туриш бўйича олдиндамиз», – деди у.

Институт тадқиқотчилари вирусни аниқлайдиган тестни январдаёқ ишлаб чиқиб, бу борада биринчилардан бўлганди.
Бундан ташқари, Германияда мустақил лабораториялар тармоғи ишламоқда. Уларнинг аксарияти январь бошида, беморлар ҳали озлигида таҳлилларга киришганди.

Лабораториялар кўплиги туфайли мамлакатда суткасига 12 мингта таҳлил олиш мумкин.
Германияда текширувдан ўтиш нисбатан осон. Касаллик симптоми аниқланган ёки бемор билан мулоқот қилган ёхуд касаллик тарқалган жойлардан келган ҳар бир киши таҳлил топшириш ҳуқуқига эга.

Фото: Odd Andersen / AFP via Getty Images
3. Беморларнинг аксарияти ёш
Дунёнинг бошқа мамлакатларидагига солиштирганда, Германиядаги беморларнинг кўпчилиги ёшроқ ва соғломроқ.
Роберт Кох номидаги институт президенти Лютер Виллернинг айтишича, касаллик юқтирганларнинг 70 фоиздан ортиғи 20-50 ёш орасида.

4. Италияликлар бошқача фикрда
Италия миллий тадқиқот кенгаши ходими Жованни Маганинг тахминича, бу ерда статистика борасида муаммо бор: Германияда бемор касалхонага ётқизилмасдан уй карантинида вафот этса, у коронавирусдан вафот этганлар статистикасига киритилмайди.

Кристиан Дростеннинг аниқлик киритишича, беморларнинг умумий сони ва келгусида SARS-CoV-2 юқтириши мумкин бўлган ҳамда касаллик осон кечиб ўтадиганларнинг сони ҳисобланса, ўлим кўрсаткичи паст чиқади. Дростен бу рақамни 0,3-0,7 фоиз орасида деб баҳолаган. Парадокс келиб чиқади: эпидемия қанчалик кенг тарқалса, ўлим фоизи шунчалик паст бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи ҳайратланарли даражада паст. Бунинг сабаби нимада?