20:39 / 29.03.2020
2 111

Британиялик карантин вақтида марафон масофасини ўз уйида босиб ўтди

Британиялик карантин вақтида марафон масофасини ўз уйида босиб ўтди
Фото: Twitter
Бугунги кунда коронавирус туфайли дунёнинг аксар давлатларида карантин жорий этилган. Дунё бўйлаб кўплаб тадбирлар, спорт мусобақалари бекор қилинган.

Аммо қаловини топса, қор ҳам ёнади деганларидек, лондонлик 36 ёшли Жеймс Пейж карантин вақтида ҳам севимли машғулоти билан шуғулланишнинг йўлини топди. У ўз уйининг тор ҳовлисида марафон масофасини босиб ўтди.

The Guardian нашри хабарига кўра, Жеймс коронавирус тарқалишигача аввал Лондонда, кейин Саҳрои Кабирда ўтказиладиган марафонларда қатнашишни режа қилиб бу мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрган. Коронавирус туфайли ҳар икки мусобақа ҳам бекор қилинди. Бунинг устига, Британия ҳукумати карантин вақтида фуқароларга фақат ўз уйларидан чиқмай спорт билан шуғулланишга рухсат берган.

Бироқ Жеймс бўш келмади ва мусобақалар учун кўрган тайёргарлиги зое кетишини хоҳламай, марафонча югуришни ўз уйининг тор ҳовлисида амалга оширди. У 4 соат-у 57 дақиқада ўзининг мўъжаз ҳовлисида 873 марта айланиб, 42 километр 195 метр масофани югуриб ўтди ва ҳатто томошабинлардан саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериш хайрия мақсадида уч минг фунт стерлинг йиғишга ҳам улгурди.

Югуриш вақтида Жеймс тиззаларини шикастламаслик ва боши айланмаслиги учун ҳар 20 дақиқада йўналишни ўзгартириб турди. Қизиғи шундаки, Жеймс марафон сўнгида финиш чизиғи лентаси ўрнига ҳожатхона қоғозидан фойдаланди ва уни йиртиб ўтди.

Жеймснинг бу ишини ҳамма ҳам олқишламади. Интернетда унга қарата қаҳр-ғазабга йўғрилган изоҳлар ҳам ёзилди. Жеймснинг ишидан ғазабланганларнинг фикрига кўра, дўконларда ҳожатхона қоғози етишмаётган бир вақтда марафончининг финиш лентаси сифатида бу «ноёб» қоғоздан фойдаланиши инсофдан эмас.

Шунингдек, байрамона кайфиятни Жеймснинг турмуш ўртоғи ҳам бироз бузди. У деворда эрининг кроссовкасидан қолган изларни кўриб, таъби тирриқ бўлган. Марафончининг айтишича, бироз ўтиб хотинининг жаҳли босилган ва деворга етказилган арзимаган зарар учун уни кечирган.

Қизиғи, Жеймс карантин даврида марафонча югурган илк одам эмас. Аввалроқ фавқулодда ҳолатлардан бошқа пайт кўчага чиқиш тақиқланган Францияда 32 ёшли фуқаро ўзининг бор йўғи 7 метрли балконида 42 километр чопиб, марафонча югуришни амалга оширгани айтилганди.

Маълумот учун, марафонча югуриш 1896 йилги илк олимпиада ўйинларидан бошлаб мусобақаларга киритилган ва анъанавий тарзда эркаклар ўртасидаги ғолиб мусобақанинг ёпилиш маросими арафасида аниқланади. Плутарх асарларига кўра, марафонча югуриш тарихи эрамиздан аввалги 490 йилга бориб тақалади. Афсонага кўра, Филиппид исмли жангчи Марафон шаҳри яқинидаги жангда греклар ғолиб бўлганини айтиш учун Марафондан Афинагача югуриб боради. Афиналикларга ғалаба хабарини етказган жангчи йўлда ҳолдан тойиб ҳалок бўлади. У югуриб ўтган масофа эса айнан 42 километр 195 метрга тенг бўлган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британиялик карантин вақтида марафон масофасини ўз уйида босиб ўтди