14:19 / 30.03.2020
2 943

АҚШ нега коронавирус билан касалланганлар рўйхатида етакчи бўлиб қолди?

АҚШ нега коронавирус билан касалланганлар рўйхатида етакчи бўлиб қолди?
Нью-Йорк, АҚШ. Фото: Misha Friedman / Getty Images
Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШдаги барча жонлантириш бўлимлари икки ҳафтадан сўнг коронавирус юқтирганлар билан тўлиб қолади.
АҚШ коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар сони энг кўп бўлган мамлакатга айланди. Бир ҳафта мобайнида касалланганлар сони уч ярим баравар кўпайиб, 142 минг кишидан ўтди, экспертлар эса тарқалиш чўққиси бир ойдан сўнг ўтишини тахмин қилишмоқда.

АҚШда ташхис қўйилган ҳолатлар сони нега тез кўпайиб кетди?
27 март куни АҚШ коонавирус билан оғриганлар сони бўйича жаҳонда етакчига айланди. Жума куни эрталаб олинган маълумотларга кўра, у ерда тасдиқланган ҳоллар 86 мингдан ошган, ўлганлар сони эса 1300 дан кўпроқ эди. Шу куннинг охирига келиб беморлар сони 100 мингдан ошди. Бугунги кунга келиб, юқтирганлар сони 142 мингдан ошган, вафот этганлар сони эса 2489 нафарни ташкил этмоқда.

Ҳафта ўртасида мамлакатда касалланган сони уч ярим баробар камроқ эди, лекин ўшандаёқ ЖССТ тез орада Америка коронавируснинг янги тарқалиш ўчоғига айланишидан огоҳлантирган эди. Нолинчи пациент ўтган йилнинг декабрида аниқланган Хитойда эпидемия бошланганидан буён қарийб 82 мингта ҳолат аниқланган, иккинчи ўриндаги Италияда касалланганлар сони 100 мингга яқинлашяпти.

АҚШ президенти Дональд Трамп аниқланган ҳолатлар кўплигини ташхис қўйиш даражаси яхши эканлигини билан боғлади. «Фикримча, тест ўтказиш тизимимизга қойил қолишимиз керак. Биз жуда кўп инсонлардан таҳлил олмоқдамиз», — деди у Оқ уйда.

Экспертларнинг кўпчилиги АҚШда касалланиш эгри чизиғи экспонентага айланиб бўлгани, коронавируснинг тарқалиш чўққиси бир ойдан кам бўлмаган муддатда ўтиб бўлинишини тасдиқламоқда. Американинг касалликлардан огоҳлантириш ва назорат қилиш маркази (CDC) фикрича, АҚШда вирусдан ўлим ҳолатлари чўққисидан уч ҳафтадан сўнг ўтиб бўлинади. Бир ҳафта аввал Колумбия университети АҚШ вируснинг тарқалиш тезлигини икки баробар камайтира олса ҳам икки ҳафтадан сўнг мамлакатда 650 мингта касалланганлар бўлишини тахмин қилган эди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, айни пайтда чиндан ҳам юқтириб олганлар сони расмий рақамлардан 11 баробар кўпроқ.

Вашингтон университети қошидаги саломатлик кўрсаткичлари ва баҳоланишлари институти баҳосига кўра, июль ойигача Америкада коронавирусдан 38 мингдан 162 минггача одам ўлиши мумкин. Апрелнинг иккинчи ҳафтасига келиб, мамлакатнинг барча жонлантириш бўлимлари тўлиб қолади.

Касалликнинг асосий ўчоғи қаерда?
АҚШдаги энг аянчли вазият шарқий соҳилда юз бермоқда. Вирусли инфекция ўчоғи Нью-Йорк бўлиб турибди. Штатдаги касалланган сони АҚШда қайд этилган ҳолатларнинг қарийб ярмини ташкил этади — 60 минг кишидан зиёд. Вафот этганлар сони эса 965 киши. Нью-Йоркда расман илк ҳолат 2 март куни қайд этилган эди.

Шаҳар касалхоналарига ҳимоя воситалари етишмаяпти, шифокорлар ҳимоя либослари ўрнига чиқинди қопларидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Ўпкага сунъий ҳаво юбориш қурилмасидан биратўла бир нечи киши фойдаланмоқда.

Нега Нью-Йоркдаги ҳолат энг мураккаб?
Сабаблар бир нечта. Биринчидан, Нью-Йорк — энг аҳолиси зич ва АҚШнинг бош туристик шаҳри, иккинчидан шаҳардаги ижтимоий ҳаёт шундай қурилганки, одамлар доимо тўп-тўп бўлиб юришади — метрода, офисларда, тор пиёдалар йўлкаларида, учинчидан — кенг қамровли ташхислаш ишлари. Тўртинчидан, ҳукумат оммавий зарарланишнинг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаганлигидир. Нью-Йоркда мактаблар 18 март куни, касалланганлар сони 2,3 мингдан ошгачгина ёпилди. Фақат 22 мартга келиб, юқтирганлар сони 15 мингга етгач, Нью-Йорк ҳукумати одамларни масофадан туриб ишлашга ўтказиш бўйича буйруқ берди.

Таққослаш учун, Калифорния ҳукумати 16 мартда — штатда ҳали 500та ҳолат аниқланган чоғда аҳолига бесабаб уйни тарк этишни такиқлаб қўйган эди. Ҳозир у ерда вирус юқтириш ҳолатлари сони 5,5 мингдан ошди ва 121 киши оламдан ўтган, шунчалик чораларга қарамасдан ўсиш суръатлари портлаш даражасида — кунига 35 фоиз қўшимча.

Бошқа штатларда аҳвол қандай
18 март куни расман АҚШнинг барча штатларида коронавирус билан зарарланганлар қайд этилди. Нью-Йоркдан кейин иккинчи ўринда унга қўшни бўлган Нью-Жерси штати турибди — у ерда касалланганлар сони 13,4 минг, вафот этганлар сони 160 нафар. Учинчи ўринда Калифорния. Ўлим даражаси энг юқори бўлган кўрсаткич Вашингтон штатида сақланиб турибди. 4900 ҳолатга 200 ўлим, яъни касалланганларнинг 4 фоизи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ нега коронавирус билан касалланганлар рўйхатида етакчи бўлиб қолди?