11:30 / 01.04.2020
2 542

Интеграция жанозаси. Пандемиядан сўнг ЕИ яшаб қоладими?

Интеграция жанозаси. Пандемиядан сўнг ЕИ яшаб қоладими?
Фото: Anadolu Ajansi
2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясининг Уҳан шаҳридан тарқалган янги коронавирус туфайли ҳатто АҚШ каби кучли давлатлар ҳам улкан йўқотишларга учрамоқда. Тўрт ойдан бери давом этаётган эпидемия маркази АҚШ ва Европага «кўчиб» ўтган. Шу боис, жаҳон иқтисодиётининг муҳим марказларидан бири бўлмиш Европа Иттифоқи бугунги кунда оғир синовларни бошдан кечирмоқда. Мутахассислар энди ҳеч нарса аввалгидек бўлмаслигини, глобал тартиб тубдан ўзгаришини таъкидлашмоқда.

Иттифоқ нега танқид қилинмоқда?
Европа Иттифоқига аъзо давлатларининг Covid-19 ҳалокатига қарши тезкор ва самарали инқироз механизмини ярата олмаганлиги иттифоқнинг келажагига оид қора сценарийлар ёзилишига йўл очмоқда. Европа Иттифоқининг эпидемия ишғол қилган илк «қалъа»си – Италияда ўлим сони 12 мингдан ошиб кетган бўлса-да, ҳали-ҳамон ҳар бир давлат ўз-ўзича ечим топишга уринаётгани мазкур вазиятни келтириб чиқарган омиллардан биридир. Италиядан сўнг Испания ва Францияда ҳам ўлимлар сони ортиб кетгани «Иттифоқ ҳамжиҳатликни таъминлашга, умумий ижтимоий-иқтисодий ечимларни топишга қодир эмас» деган кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.

Хаос ва ўзаро айбловлар
Декабрь ойида Хитойда пайдо бўлган вирусни юқтириб олган Европа Иттифоқи мамлакатлари: Италия, Испания ва Франция ўз тарихида мисли кўрилмаган тартибсизликларга дуч келишди. Давлатларнинг офат кўлами нақадар кенг бўлиши мумкинлигини жуда кеч англаганлари хаос ва ўзаро айбловларни келтириб чиқарди.

Германия томонидан дастлаб қатъий чоралар кўрилмаганининг сабабини ҳам, шубҳасиз, иттифоқнинг тезкор тадбирлар олишга қодир эмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Италиянинг Европа Иттифоқидан ёрдам ололмагани, устига устак, Европа Марказий банки (ECB) президенти Кристин Лагарднинг вирус билан зарарланган мамлакатларга ёрдам берилмаслиги ҳақидаги баёноти нафақат иттифоққа аъзо давлат раҳбарларини, балки Европа жамоатчилигини ҳам шошириб қўйди. Боз устига, Италияга ниқоб, қўлқоп ва вирусни аниқловчи ускуналарнинг Хитой, Куба ва Россия каби мамлакатлардан келтирилиши реакциялар оловига мой сепгандай бўлди. Охир-оқибат, вазият шу даражага етиб бордики, италиялик ижтимоий медиа фойдаланувчилари Европа Иттифоқи байроғи ёқиб юборилгани акс этган расмларни бир-бирларига улашдилар.

Ҳамма ҳам ғалаба қозонмаслиги мумкинми?
Италияда вирус пайдо бўлганидан бир ярим ой (!) ўтгачгина Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула фон дер Леен раислигида ўтказилган йиғилишда эпидемия ва эпидемиядан кейинги чоралар тўғрисида тушунтириш берилди. 2020 йил 17 март куни эса Европа Иттифоқи Кенгаши комиссиянинг инқироздан чиқишга доир таклифларини маъқуллади. Албатта, булар иттифоқ аъзоларидан янада кучли интеграциялашишни ва умумий ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилувчи чора-тадбирлар эди.

Брюсселдаги Европа Иттифоқи маъмурларининг фикрича, агар иттифоққа аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалаларини ўзларича ҳал қиладиган бўлишса, ҳамма ҳам ғалаба қозонмаслиги мумкин.

Барча ўз жонини сақлаб қолиш ҳаракатида
Иттифоқнинг ҳозирги глобал инқироз қаршисида ожиз ва лаёқатсиз бўлиб қолгани бор гап. Қолаверса, 2020 йил 26 мартда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи президентларининг учрашувида Covid-19 инқирози туфайли келиб чиққан иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда умумий ва якдил тўхтамга кела олинмагани ҳам айни ҳақиқат. Содда қилиб айтганда, ҳозирги вазиятда юқори даромадли давлатларнинг Иттифоқ таркибидаги заиф аъзоларни қўллаб-қувватлашга «кўзи учиб тургани йўқ».

Хўш, Covid-19 эпидемияси пировардида Европа Иттифоқи интеграциясининг тугашига олиб келадими? Европа Иттифоқи заифлашиб, йўқликка юз тутадими?

Бу каби саволларга жавоб бериш нафақат Европа Иттифоқи, балки бутун дунё учун ҳам осон эмас ҳозирги пайтда. Чунки бугун деярли барча мамлакатлар айни кунгача содир бўлган, биз билган инқирозлардан фарқ қилувчи Covid-19 эпидемиясининг чангалидан энг кам талафот билан чиқиб олиш учун кураш олиб бормоқдалар.

Интеграциянинг жанозаси
Ушбу инқироз Европа Иттифоқини нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки этник қадриятлар нуқтайи назаридан ҳам синовдан ўтказмоқда. Тўғри, Европа Иттифоқи эпидемиядан сўнг йўқ бўлиб кетади, деб айтишга ҳали анча эрта. Зотан, бундай гап иттифоқ ривожланиш жараёнини бутунлай рад этиш демакдир.

Covid-19 инқирози билан юзлашган пайт Европа Иттифоқи бир қатор муҳим муаммоларни ҳал қилиш билан овора эди: қочқинлар масаласи, 2008 йилдаги иқтисодий инқирознинг янги таҳдидлари ва «Брексит». Айни мана шу нуқтада вабодан сўнг инсоният дучор бўлган энг катта эпидемия – Covid-19 Иттифоқ интеграциясига жаноза ўқиш учун келди.

Аъзо давлатлар ва Европа Иттифоқи маъмуриятининг янги турдаги коронавирусга нисбатан муносабати, тўғрироғи, эътиборсизлиги иттифоққа нисбатан улкан таҳдидни юзага келтирди. Аммо ушбу вирус туфайли содир бўлган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, иттифоққа аъзо давлатларнинг омон қолиши умумий ечимларига боғлиқ. Европа Иттифоқи миллий таркибий тузилмасининг янада ривожлантириш, аъзо давлатларнинг муаммоларга қарши курашиш учун Европа Иттифоқи маъмуриятига кўпроқ ресурсларни жалб қилиш зарурати ғоят муҳим масала.

Италия ва Испания бош вазирларининг Европа Иттифоқини танқид қилиб, ҳатто айблаб чиққан баёнотлари итифоқнинг инқироз ва муаммолар қаршисида янада самарали фаолият олиб бориши лозимлигини урғуламоқда.

Икки муҳим жиҳат
Мавжуд инқирозга Европа Иттифоқининг муносабатини танқид қилишда икки муҳим жиҳатни эътиборга олиш керак:

Биринчидан, ЕИ ҳали ҳам дунё миқёсидаги энг муҳим иқтисодий интеграция бўлиб турибди. Ушбу интеграциядан 27 мамлакатдан бирининг чиқиб кетиши Лиссабон шартномасига мувофиқ мумкин эса-да, бу унчалик осон иш эмас. Чунки айниқса Шарқий Европа мамлакатлари учун Европа Иттифоқи ривожланишнинг муҳим воситаси, шунингдек, Россия таъсирига тушиб қолишдан асровчи ҳимоя қалқонидир.

Украинада юз бераётган воқеалар ҳали совиб улгурмаган бир пайтда мазкур мамлакатларнинг ЕИдан осонгина чиқиб кетиш ҳақида ўйлаши ақлдан эмас, албатта. Зотан, ЕИнинг бирлаштирувчи ва ҳимоя қилувчи кучи ҳамон муҳим аҳамиятга эга. Covid-19 инқирозидан кейинги даврда ҳам иқтисодиёт, мудофаа, хавфсизлик сиёсати ва ташқи сиёсат нуқтайи назаридан заиф давлатлар учун ушбу ҳимоя қалқонига бўлган эҳтиёж сақланиб қолади. Шу сабабли, Европа Иттифоқи Covid-19 инқирозидан умумий ечимларни топиш орқали чиқиб олиши лозим. Акс ҳолда, ушбу эпидемиядан сўнг ўзгариши кутилаётган глобал тартиб ЕИ туфайли яна бир бор бўҳронга учраши эҳтимолдан ҳоли эмас.

ЕИни танқид ва таҳлил қилишда эътиборга олиниши керак бўлган яна бир муҳим масала – бу ЕИда ўнг қарашлар ўсиб бораётганидир. 2008 йилги иқтисодий инқирозга қочқинлар масаласи қўшилиши натижасида янада кучайган ушбу муаммо ЕИ ичидаги хавфсизлик ва тартиб-қоидаларга жиддий хавф солмоқда. Covid-19 инқирози эса ўнг қарашларнинг юксалиши нафақат Европа Иттифоқи ҳудудидаги чет эл фуқароларига таъсир қилиши мумкинлигин, балки ЕИга аъзо давлатларнинг бир-бирига бўлган муносабатида сакталик юзага келганини кўрсатмоқда. Оқибатда давлатлар ушбу шошилинч ва ҳаётий муаммони бирдамлик ва ҳамкорлик билан ҳал қилишга кечикдилар.

Энди ўта ўнг қарашларнинг жамоатчилик, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Европа Иттифоқи Парламентида кучайишига қарши энг яхши восита – бу ЕИ интеграциясини кучайтириш орқали бу инқироздан чиқиб кетишдир. Бошқача қилиб айтганда, иттифоқнинг кучайиши барча аъзо давлатлар учун умумий ечимлар ишлаб чиқилишига олиб келади. Шу нуқтайи назардан, ўнг қанот ғояларининг заифлашиши интеграциялашувни кучайтиришда улкан аҳамиятга эга.

Ҳали умид бор
Халқаро муносабатлардаги «глобаллашувнинг поёни» ҳақидаги фикрлар минтақалашув жараёни кучайганлигига ҳам ишора қилмоқда. Шу маънода, Европа Иттифоқи сиёсий ва ахлоқий нуқтайи назардан ўзини қайта кўриб чиқиб, халқаро муносабатларда бошқа иштирокчилар билан ўрнатилган алоқаларига тузатиш киритади ва шу орқали инқироздан чиқиш йўлларини излайди. Аслида, Европа Иттифоқининг Ғарбий Болқон бўйича сўнгги қарори, ҳатто инқироз шароитида бўлиб ўтган йиғилишда Шимолий Македония ва Албаниянинг аъзолик масаласи кўриб чиқилиши иттифоқнинг олға қадам ташлашга киришганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, иттифоқ таркибидаги кўплаб давлатлар ҳозирданоқ иқтисодий муаммолар билан курашишга мажбур бўлмоқда. Инқироздан кейин эса бундай муаммолар янада кучаяди ва, табиийки, ёрдамга бўлган эҳтиёж сезиларли равишда ортади. Шу боис, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, шунингдек, ЕИ маъмурияти, Covid-19 эпидемиясининг иқтисодий инқироз истиқболини ҳисобга олган ҳолда, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ молиявий ёрдам пакетларини ошкор қилишмоқда. Брюссел ҳамда аъзо давлатлар пойтахтлари томонидан режалаштирган мазкур пакетлар ЕИнинг молиявий ва иқтисодий сиёсатдаги шериклигини табиий равишда қўллаб-қувватлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Covid-19 инқирозидан сўнг ҳеч нарса аввалгидай бўлмайди. Аммо ҳар қанча ўзгариш-эврилишларни бошдан кечирмасин, дунё тарихидаги энг асосий фигураларлардан бири бўлган Европа жуғрофияси ва Европа Иттифоқи ўз ўрнида қолади.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Интеграция жанозаси. Пандемиядан сўнг ЕИ яшаб қоладими?