23:14 / 04.04.2020
3 957

Россиядаги ҳолат: 30 апрелгача чўзилган таътил, Путинни танқид қилган Жириновский

Россиядаги ҳолат: 30 апрелгача чўзилган таътил, Путинни танқид қилган Жириновский
Фото: Getty Images
3 апрель соат 10:30 ҳолатига кўра, Россияда коронавирус юқтирганлар сони 3548 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 235 нафари соғайиб 30 нафари вафот этган. Сўнгги бир суткада 771 нафар одамда вирус аниқланди, 45 нафар бемор соғайди ва 6 та ўлим ҳолати қайд этилди. Россия бўйлаб вирусга чалинганларнинг асосий қисми пойтахт Москвада аниқланган: 2475 нафар.

Россия бўйлаб вирус тарқалиши тезлашган, шу боис мамлакатда карантин чоралари кучайтирилди. Владимир Путин 2 апрель куни россияликларга иккинчи марта мурожаат қилиб, мамлакатда хавфли вирус янада тарқалиб кетмаслиги учун чоралар кучайтирилишини маълум қилди.

Жумладан, Россия Федерациясида иш ҳақи тўланадиган таътил муддати 30 апрелгача узайтирилди. Агар эпидемиологик вазият яхшиланса, иш ҳақи тўланадиган таътил қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилиши ҳам мумкин;

Федерал давлат органлари, бюджетдан ташқари жамғармаларнинг давлат бошқарув органлари, Россия таркибидаги субъектларнинг давлат органлари ҳамда ОАВ белгиланган таътил пайтида узлуксиз ишлашини таъминлайдиган ходимлар сонини аниқлашлари керак;

Губернаторларга қўшимча ваколатлар берилади: ҳафта охирига қадар улар ҳудуд иқтисодиёти ва минтақадаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда профилактика чораларини белгилаши керак;

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайси ташкилотлар фаолиятини тўхтатиши ва қайси ташкилотларни кенгайтириш мумкинлигини минтақалар, яъни губернаторлар мустақил равишда ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлди;

Минтақалар ўз ҳудудида, минтақалараро юк ташиш билан шуғулланадиган транспорт воситалари бундан мустасно, фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус тартиб ўрнатиши лозим;

Тиббий муассасалар, дорихоналар, зарур буюмлар дўконлари, доимий ишлаши лозим бўлган, фавқулодда вазиятларда зарур ишларни амалга оширадиган, авария ҳолатида таъмирлаш ва бошқа ишларини бажарадиган ташкилотлар ҳамда банклар одатдагидай ишлашда давом этади;

Қўшимча чекловлар жорий қилиш ҳақидаги қарорларни минтақалар марказ билан мувофиқлаштирган ҳолда қабул қилади;

Минтақалардаги ишлар президентнинг ҳудудлардаги вакиллари томонидан мувофиқлаштирилади. Барча маълумотлар марказдаги махсус кенгашга юборилиши керак.
Путин мурожаати вақида губернаторларнинг ваколати оширилгач, улар ўз ҳудудида қатъий чоралар кўришни бошлаб юборди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республикадаги федерал аҳамиятга эга йўллар, шунингдек, 5 апрелдан бошлаб республикага ҳаво ва қуруқлик орқали кириб-чиқишни батамом ёпишга буйруқ берди. 5 апрелдан бошлаб Чеченистонга кирмоқчи бўлган автомашиналар, поезд ва самолётлар республика ҳудудига қўйилмайди ва ҳеч қандай изоҳсиз ортга қайтарилади. Албатта, бу тақиқ республикага озиқ-овқат олиб кираётган юк поездлари ва машиналарга тааллуқли бўлмайди. Чеченистонда расмий равишда 5 апрелдан йўлларни ёпиш эълон қилинган бўлса ҳам, аслида мартнинг охиридан бошлаб бу республикага транзит машиналар қўйилмаётган эди.

Чеченистонда карантин қоидалари жорий қилиниши муносабати билан 3 апрелдан бошлаб соат 20:00 дан эрталабки соат 8:00 гача кўчада юриш тақиқланди. Бу ҳақда республика раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм каналида маълум қилди.

Оренбургда карантин чораларини назорат қилиш учун қўшимча полиция кучлари жалб қилинди. Свердловск вилоятидаги Новоуральск шаҳрига кириб-чиқиш ёпилди, шаҳар аҳолиси учун кўчаларда ҳаракатланиш чекланди. Фақат шаҳар мэрияси берган рухсатнома билан ҳаракатланиш мумкин. Бу ҳақда шаҳар мэри қарор қабул қилган.

Москва шаҳрида эълон қилинган карантин қоидалари 1 майгача узайтирилди. Бу ҳақдаги қарорни Москва мэри Сергей Собянин имзолаган.

Бошқирдистон бўйлаб кўп қаватли уйларнинг жами 34 288 та йўлаги 2 апрелгача дезинфекция қилинди. Республика уй-жой коммунал бошқармаси бошлиғи Ильдус Мамаевнинг айтишича, Бошқирдистонда кўп қаватли уйларда жами 47 740 та йўлак бор ва яқин кунларда уларни дезинфекция қилиш ишлари якунланади. Узоқ Шарқдаги Сахалинда дезинфекция ишларига ҳарбийлар жалб қилинди.

Омск шаҳрида тураржойлардан ташқари кўприклар, йўл ўтказгичлар ҳам дезинфекция қилинмоқда. Владивостокда Бангкокдан келган йўловчиларнинг 12 нафари аэропортдан қочиб кетган эди. Уларнинг барчаси топилган ва икки ҳафталик карантинга жойлаштирилган.

Челябинскда полиция ходимлари овозкучайтиргич орқали фуқароларни карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда. Қоидаларни бузганларга чора кўрилмоқда.

Ўз-ўзини изоляция қилиш ва карантин қоидаларини жорий этиш жуда кам одам яшайдиган олис Чукоткада ҳам жорий қилинди.
Петербургда йўловчи камайгани сабаб йигирмадан ортиқ йўналишларда автобус қатнови тўхтатилди.

Россия бўйлаб тарқалаётган коронавирус «ўчоғи» Москва шаҳри бўлиб турибди, шу боис пойтахтга ҳар қанақа кириб-чиқиш ҳолатларини чеклаш таклиф қилинди. Маълумот учун: охирги бир суткада Москвада 595 та коронавирус юқтириш ҳолати аниқланган. Бу — бир кунда мамлакат бўйлаб вирус юқтирганларнинг 75 фоизи дегани.

«Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов Россиядаги амалдорларга мурожаат қилиб, уларни ўз хизмат машиналарини тиббиёт ходимларига фойдаланиш учун бериб туришга чақирди.

2 апрель куни Россия давлат думасида президент Путиннинг 30 апрелгача эълон қилинган иш ҳақи сақланиб қолган ҳолда таътил бериш ҳақидаги қарори муҳокама қилинди. Айрим депутатлар, масалан, «Справедливая Россия» партиясидан сайланган депутат Михаил Емельяновга кўра, бу қарор мамлакат учун иккита катта хавфни келтириб чиқариши мумкин: «Биринчидан, иқтисодий хавф, иккинчидан аҳолининг руҳияти билан боғлиқ хавф. Аммо президент ҳаммасини инобатга олган деб ўйлайман», деди депутат.

Россиядаги энг кескин чоралар пойтахт Москвада жорий қилинмоқда. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин қабул қилган қарор шаҳар мэрияси сайтида эълон қилинган. 2 апрелдан бошлаб шаҳарда ўз-ўзини изоляция қилиш қоидаларига риоя қилмаганларни жарима қилиш бошланди. Москва шаҳар думаси томонидан жарима миқдори аҳоли учун 4000 рубль, ҳайдовчилар учун 5000 рубль этиб белгиланган. 2 апрель куни Москва метросида йўловчилар ҳаракатланиши 84 фоизга камайган.

Краснодар ўлкасида карантин қоидаларини назорат қилиш учун жами 3318 нафар полиция ходимларидан ташқари казаклар отряди ва кўнгиллилардан иборат 884 та отряд иш олиб боряпти.

Қримдаги санатория ва пансионатларда қолаётган дам олувчиларга 6 апрелгача у ерни тарк этиш талаби қўйилган. Талабни бажармаганлар қаттиқ режимли карантинга олиниши ҳақида огоҳлантирилган. Огоҳлантириш хатида яриморолдаги санатория ва пансионатлар 1 июнгача ёпилиши билдирилган.

Карелияда карантин қоидаларини бузиб кўчаларда, паркларда спорт билан шуғулланиш мақсадида югуриб юрганлар 15000 рубль жаримага тортилди. Бу ҳақда 2 апрель куни республика раҳбари Артур Перфенчиков маълум қилди.

Фото: РИА Новости
Ўзининг турли мавзулардаги кескин баёнотлари билан танилган россиялик сиёсатчи, Россия либерал демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский 2 апрель куни Россиянинг бошқа мамлакатларга кўрсатаётган ёрдами ҳақида танқидий фикр билдирди.

«Биз ҳар доим бошқа давлатларга берилаётган ёрдамларга қарши бўлганмиз. Айнан ҳозир хориж давлатларига кўрсатилаётган ёрдам ва унга сарфланаётган маблағ бу ерда ўзимизга ҳам сув ва ҳаводек зарур. Ҳамма ўзимизда ниқоб етишмаётганини кўриб турибди. Одамлар ниқобларни дорихоналардан топа олмай қўлда тикишмоқда», деган Жириновский. Либераллар етакчиси Россиянинг Италия ва АҚШга ёрдам юборганига ишора қилди. Бу ёрдамлар шахсан Владимир Путиннинг топшириғи билан амалга оширилганди.

Россиядаги аксарият шаҳарларда карантин ва ўз-ўзини изоляция қилиш қоидалари кучга кирган бўлса-да, кўплаб шаҳарлар ва вилоятларда туманлараро жамоат транспортлари ҳамон фаолият кўрсатяпти. Бу ҳақда рус ОАВлари ёзмоқда. Бу ҳолатлар кўрилаётган чоралар самара бермаслигига олиб келади. Охирги 3-4 кунда Россияда вирус юқтирганлар сони ошиб боряпти. Айниқса, охирги бир суткада 771 нафар одамда вирус аниқланиши Россия учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядаги ҳолат: 30 апрелгача чўзилган таътил, Путинни танқид қилган Жириновский