11:00 / 07.04.2020
3 842

Нью-Йоркда яна бир ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди

Нью-Йоркда яна бир ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди
Фото: Reuters
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этди.

22 март куни Р.Х.да касалликнинг биринчи аломатлари қайд этилган эди, унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши муносабати билан 2 апрель куни у касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва сунъий комага туширилган эди.

«Ушбу даврда Бош консулхона унинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб турди», дея хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги пайтда Бош консулхона диаспорал ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

«Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади ва АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси (тел: +1-202-887-5300 (ички.1)) ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонасига (тел: +1-212-754-7403) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади», дея қўшимча қилинган ТИВ ахборотида.

Бундан аввалроқ Нью-Йоркда икки ўзбекистонлик (бир аёл ва бир эркак) коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Австрия ва Арманистонда бир нафар, Қозоғистонда икки нафар ўзбекистонлик вирус юқтириб олгани хабар қилинганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 472тага етган, 30 киши соғайган ва 2 киши вафот этган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нью-Йоркда яна бир ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди