13:10 / 12.04.2020
3 237

Тарихда илк бор АҚШнинг барча штатларида «йирик фалокат» ҳолати жорий этилди

Тарихда илк бор АҚШнинг барча штатларида «йирик фалокат» ҳолати жорий этилди
Фото: AFP/MANDEL NGAN
АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни Вайоминг штатида ҳам «йирик фалокат ҳолати» (Major disaster) эълон қилди. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар бермоқда.

Вайоминг штати бу ҳолат жорий этилган 50-штат бўлди. Президент матбуот котиби ўринбосари Жадд Дирнинг айтишича, бу мамлакат тарихида илк бор барча штатларда бир вақтда бундай ҳолат жорий этилиши бўлмоқда.

Штат губернатори Марк Гордон мазкур ҳолатни эълон қилиш бўйича президентга расман мурожаат қилган пайтда Вайоминг бўйлаб 200 киши коронавирусга чалингани қайд этилганди.

«Вайомингдаги ҳолат бошқа штатлардаги каби даҳшатли бўлмаса-да, бизнинг бу чорамиз зарур пайтда барча имкониятларни ишга солиш ва вазиятни назоратга олишда ёрдам беради», деган Гордон.

CNBC маълумотларига кўра, «йирик фалокат» ҳолати АҚШ конституцияси амал қилувчи АҚШ Виржиния ороллари, Шимолий Мариана ороли, Гуам ва Пуэрто-Рико оролларига нисбатан ҳам қўлланади. АҚШ бошқарувидаги мазкур чора қўлланмаган ягона ҳудуд Америка Самоаси бўлиб қолмоқда.

Дональд Трампнинг бу қарорга келишига сабаб АҚШнинг коронавирус туфайли ўлим кўрсаткичлари бўйича етакчига айланганидир. Жон Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, АҚШда касалликка чалиниш ҳолатлари сони 525 мингдан ўтган, вафот этганлар сони 21 мингга яқинлашмоқда. Энг кўп ўлим ҳолати Нью-Йоркда — 6397 киши COVID-19 қурбони бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тарихда илк бор АҚШнинг барча штатларида «йирик фалокат» ҳолати жорий этилди