
Фото: Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Коронавирус пандемияси муносабати билан, Россия Италияга инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Энди италияликларга бунинг учун Россия ва шахсан Владимир Путинга ташаккур билдириб, видеога тушиш учун пул таклиф қилинмоқда, деб хабар тарқатди La Repubblica газетасига таяниб Kun.uz нашри.
Хабарда айтилишича, Италияда яшовчи россияликлар ўзларининг итальян танишларига номи айтилмаган «рус оммавий ахборот воситаси»нинг видеоролигида суратга тушиш таклифини WhatsApp орқали жўнатишмоқда.
La Repubblica маълумотларига кўра, номаълум ОАВга «Россия томонидан жўнатилган инсонпарварлик ёрдами ҳақида бирор яхши гап айта оладиган» 15 нафар италиялик керак.
Улар ўзларининг «миннатдорчилик» битикларини Твиттер, Фейсбук ёки Инстаграмда ёзиб қолдиришлари мумкин.
Видео учун 200 евро, матнли изҳор учун «озроқ берилиши» таклиф қилинган.
Нашр TikTok ижтимоий видеотармоғига видео жойлаб, Путинга раҳмат айтган қиз билан боғланган. Қизнинг айтишича, шунақа қисқа видео учун унинг дўсти 20 евро олган.
Россиянинг Италиядаги элчихонаси бу илтимослар ҳақида ҳеч нарса билмасликларини айтиб, хабарнинг ўзини «фирибгарларнинг провокацияси» деб атаган.
Элчихонадагилар шундоқ ҳам кунига самимий миннатдорчилик билдирилган юзлаб қўнғироқлар бўлаётганини таъкидлашган.
Аввалроқ Россия Италияга ҳарбий тиббиётчилар, дори-дармонлар ва тиббий ускуналардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди. Айрим итальян нашрлари бу ёрдамнинг 80 фоизини бефойда деб атаган.
Италия – АҚШ ва Испаниядан сўнг COVID-19ни юқтириб олганлар сони бўйича жаҳоннинг учинчи (160 мингга яқин), қурбонлар сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи мамлакати (20 мингдан ортиқ) бўлиб турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар