11:20 / 18.04.2020
2 548

Беларусь президенти коронавирусни текширувчи Россия тестларини танқид қилди

Беларусь президенти коронавирусни текширувчи Россия тестларини танқид қилди
Фото: »Кremlin.ru»
Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирусни текширувчи Россия тестларининг самарадорлигига шубҳа билан қарашини маълум қилди. Бу ҳақда «РБК» нашри хабар берган.

«Тестлар — бефойда. Атом станцияси қурилишида ишлаган россияликларни текширишган бўлса ҳам барча 15 киши якунда шифо топди, рус тестлари эса уларнинг таҳлилини ижобий деб топган. Россия тестларидан воз кечдик, маҳаллий ҳамда Хитой тестларини ишлатишга ўтдик — фақат битта одамда коронавирус инфекцияси аниқланди», — дейди Лукашенко.

У Беларусь аҳолисига касаллик деб ортиқча ҳаяжонга берилмасликни тавсия қилди. «Янги вирус борасида мавҳум нарсалар кўп, хатолар ҳам», — деган Беларусь давлат раҳбари.

«Беларусь ҳукумати коронавирусга қарши курашда кўпчилик давлатларнинг танқидларига қарамай ўзига хос йўл тутди. Мамлакатда кўп ҳаражатга сабаб бўлувчи оммавий карантин чоралари қўлланилмади, касаллик тарқалган коронавирус ўчоқларида кураш олиб борилмоқда, ҳукумат вакиллари эса иқтисодиёт ҳақида қайғуриши лозим. Пневмония кетади, аҳолини боқишга эса нон керак», — дейди Лукашенко. Унинг айтишига қараганда Беларусь коронавирус билан курашда муваффақиятларга эришмоқда. Жумладан, Минскда вирус билан касалланганларнинг жойи бўшаган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумоти бўйича 17 апрель ҳолатига кўра Беларусда коронавирусга чалинишга оид 4779 та ҳолат қайд этилган ва 42 киши касаллик оқибатида вафот этган.

Лукашенко эса ушбу ахборотга терс равишда Беларусда коронавирусдан ҳеч ким ўлмагани, аксинча оғир сурункали касалликлари бўлган беморларнинг COVID-19’ни ҳам юқтириб олиши туфайли дунёдан кўз юмганини таъкидлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Беларусь президенти коронавирусни текширувчи Россия тестларини танқид қилди