date
views 1 840

Хитойда эпидемиядан кейин жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосарига нисбатан тергов бошланди

Хитойда эпидемиядан кейин жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосарига нисбатан тергов бошланди
Сунь Лицзюнь
Хитойнинг давлат назорат қўмитаси жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосарига нисбатан тергов бошлади. Амалдор коронавирус эпидемияси вақтида вирус тарқалиши ўчоғига айланган Хубэй провинциясига махсус комиссия таркибида юборилган.
Бу ҳақда қўмита хабарида маълум қилинган.

Жамоат хавфсизлиги вазирлиги партия қўмитаси аъзоси, вазир ўринбосари Сунь Лицзюнь интизом ва қонунни жиддий бузишда гумон қилинмоқда. Айни вақтда унга нисбатан тергов олиб борилмоқда”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, айни вақтда амалдор ҳақидаги маълумот вазирлик сайтидан ўчириб ташланган.

Сунь Лицзюнь Хитойда коронавирус эпидемияси авж олган вақтда Хубэй провинциясига юборилган махсус комиссия таркибига кирган. Ушбу комиссия маҳаллий ҳокимиятнинг эпидемиянинг эрта босқичидаги ҳаракатларини тергов қилган. Бу тафтиш натижаларига кўра Уҳан шаҳри ва Хубэй маъмуриятидаги бир қатор расмий шахслар ўз лавозимларидан олинган.

Сунь Лицзюнь Хубэйда камида бир ой ишлаган ва бир неча марта маҳаллий телевидениенинг репортажларида кўриниш берган.

Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги раҳбариятига нисбатан ўтказилган охирги терговлардан бири вазирнинг бошқа бир ўринбосари, Интерполнинг собиқ раҳбари Мэн Хунвэй иши бўлган. 2018 йил сентябрда Мэн Хунвэй Франциядан Хитойга келгач, алоқага чиқмай қўйган. Шу йилнинг 7 октябрида Хитой ҳукумати унинг коррупцияда гумон билан ҳибсга олинганини маълум қилган. 2020 йил январида Хитой суди собиқ амалдорни 14,46 млн юан (2,12 млн доллар) пора олишда айбдор деб топиб, уни 13,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда эпидемиядан кейин жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосарига нисбатан тергов бошланди