16:08 / 22.04.2020
2 734

Вирусолог: «Коронавируснинг нарсалар юзаси орқали тарқалиши исботланмаган»

Вирусолог: «Коронавируснинг нарсалар юзаси орқали тарқалиши исботланмаган»
Германиялик вирусолог Ҳендрик Штреек коронавируснинг турли нарсалар юзасида узоқ вақт давомида яшаш хусусиятига эга эмаслигини, у фақат ҳаво-томчи йўли орқали юқиши мумкинлигини аниқлади.

Германиянинг Бонн университети қошидаги вирусология институти директори, профессор Ҳендрик Штреек матбуот анжуманида ўз тадқиқотлари асосида олинган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Унинг бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи Германиянинг коронавирус энг кўп тарқалган Ҳайнсберг ҳудудида тадқиқот ўтказишди. 250 мингдан ортиқ одам яшайдиган бу ҳудудда коронавирус билан хасталанган 1400дан ортиқ бемор аниқланган, ўлим ҳолатлари 46тани ташкил қилган.

Штреек тадқиқотлари натижасида вируснинг турли нарсалар юзасида узоқ вақт яшаши ва тарқалиши ўз исботини топмаган.
«Ҳайнсбергда вируснинг тарқалиши дўконга бориш натижасида эмас, балки одамларнинг кўп вақт давомида бир жойга тўпланиши, оммавий тадбирларда иштирок этиши оқибатида юз бергани аниқланди».

Вирусолог турли нарсалар юзасида «тирик» вирусларнинг ҳеч қандай излари йўқлигини аниқлаган.
«Эшик тутқичлари, телефонлар ёки ҳожатхоналардан намуна олганимизда, лаборатория шароитида бу тампонлардан тирик вирусни культивация қилолмадик…».

Штреек фикрига кўра, нарсаларнинг юзасида вирус узоқ вақт яшамайди ва унинг юқиш эҳтимоли паст.
«Аслида нарсалар юзаси орқали вирус юқиши учун кимдир қўлига йўталиши ва дарҳол эшик тутқичини ушлаши, шундан кейин бошқа одам шу тутқичга тегиши ва қўли билан юзини ушлаши керак».

Аввалроқ, коронавирус томчи инфекцияси экани ва ҳаво орқали ўзидан-ўзи тарқалмаслигини вирусолог Кристиан Дростен ҳам тасдиқлаган эди. Ўз интервьюларидан бирида у коронавируснинг қуруқ ҳавога сезгирлигини, уни юқтириб олишнинг ягона йўли «томчилар билан нафас олиш» эканини айтганди.

Шундай бўлса-да, коронавируснинг тарқалиш йўллари бўйича турлича хулосалар бор. Масалан, Американинг CDC ва NIH соғлиқни сақлаш институти экспертлари вируснинг қоғоз юзасида 24 соат, ҳавода 3 соат, пластмасса ва зангламас темир юзасида 3 кунгача яшаши ҳақида хулосага келишган. Бироқ, Роберт Кох институтининг веб-сайтидаги хабарда бундай илмий изланишлар тажриба шароитида ўтказилгани, шу туфайли кундалик ҳаётда инфекцияни юқтириб олишга унчалик алоқадор эмаслиги таъкидланган.

Энди профессор Штреек Ҳайнсбергда вируснинг тарқалиши ва қандай қилиб унинг олдини олиш мумкинлиги бўйича яна бир тадқиқот ўтказмоқчи. Тажрибада тасодифан танлаб олинган 1000 одам иштирок этиши режалаштирилмоқда.

«Бундай чуқур тадқиқотлар натижалари карантиндан қандай чиқиш бўйича тавсиялар берилишига хизмат қилиши мумкин», - деб ҳисобламоқда Штреек.

Вирусолог фикрига кўра, одамларнинг карантинда узоқ вақт давомида қолиб кетиши нафақат ижтимоий, балки соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

«Одамлар ишидан, даромадидан ажралиши мумкин. Бундан ташқари, карантинда узоқ вақт давомида ўтириш – иммунитет тизимининг сусайишига олиб келади», - деди Штреек.
Ҳайнсбергдаги коронавирус бўйича ўтказилган тадқиқотларнинг асосий натижалари кейинги ҳафтада чиқиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Вирусолог: «Коронавируснинг нарсалар юзаси орқали тарқалиши исботланмаган»