10:05 / 25.04.2020
4 155

Италиялик олимлар коронавирусдан вафот этган беморларнинг ўлими ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор этди

Италиялик олимлар коронавирусдан вафот этган беморларнинг ўлими ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор этди
Фото: Financial Times
Италиялик олимлар Жанлука Ринальди ва Маттео Парадизи мамлакат ҳудудида коронавирус юқтириб олганда беморлар ва уларнинг ўлими сони энг кўп қайд этилган Ломбардияда вафот этганлар бўйича маълумотларни таҳлил қилди. Тадқиқот натижалари medRxiv порталида эълон қилинган.

Ринальди ва Парадизи коронавирус бўйича расмий статистикадан фойдаланишмади. Унинг ўрнига SARS-CoV-2’га ўтказилган тестлар сонини таҳлил қилишди. Тадқиқот аҳоли умумий сони 50 минг кишини ташкил қилган Ломбардиядаги 10 та аҳоли пунктларида ўтказилди.

Олимлар 21 февралдан бошлаб 40 кун давомида қайд этилган ўлим сони бўйича кўрсаткичларни ўрганди ва эътиборни барча чегараларнинг ёпилиши, карантин чекловларининг ўрнатилишидан кейинги даврга қаратди. Икки олим 2020 йилдаги маълумотларни охирги беш йили ичида қайд этилган кўрсаткичлар билан таққослади.

Натижада 21 февраль—4 апрель ҳолатига кўра 2020 йил давомида 341 киши вафот этгани ва бу охирги беш йилдаги ўртача кўрсаткичдан беш баравар кўплиги аниқланди. Апрель бошига келиб ўлим ҳолатлари аввалги йиллардаги кўрсаткич билан деярли бир хил экани кузатилган, бу мамлакатдаги карантин чекловларининг самара берганидан далолат.

Шунингдек, кескин чоралар бекор қилинганидан кейин ҳудуддаги қон таҳлили ҳам кўриб чиқилган. Ўрганилган ҳудудда аҳолининг тахминан 40 фоизи касалланган, алоҳида яшаш пунктларида эса ушбу кўрсаткич 80 фоизга тенг бўлган. Тадқиқот муаллифлари коронавирусдан вафот этиш даражаси 1,29 фоиз экани, 60 ёшдан ошган одамларда эса бу кўрсаткич 4,25 фоизни ташкил қилишини аниқлаган.

Бу расмий статистикадаги кўрсаткичдан камроқ, бироқ хавф ортда қолганини ҳам англатмайди: COVID-19’дан қайд этилган ўлим ҳолатлари грипп касаллигидаги ҳолатлардан юқорироқ. Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотда мамлакатда 24 апрель ҳолатига кўра, 193 минг нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, шундан қарийб 26 минги вафот этган ва бу 13,5 фоизни ташкил этмоқда.

Ринальди ва Парадизи аниқлаган рақамлар Diamond Princess саёҳат кемасида қайд этилган статистикага жуда яқин, у ерда 712 нафар касалланганлар орасида 13 киши ҳаётдан кўз юмганди. Кемада кекса ёшли кишилар сони кўпроқ бўлган.

Коронавирус пандемияси дунёнинг деярли барча мамлакатларини қамраб олган. 24 апрель ҳолатига кўра ЖССТ берган маълумотга асосан жаҳонда 2,6 миллион киши COVID-19 юқтириб олган, 181 мингдан ортиқ одам касаллик оқибатида вафот этган ва 700 минг киши ундан тузалган. Энг кўп касалланиш ва қурбонлар АҚШ, Италия ва Испанияда кузатилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Италиялик олимлар коронавирусдан вафот этган беморларнинг ўлими ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор этди