09:09 / 26.04.2020
2 633

Тикланиш учун 5 йилгача вақт: Хусусий бизнеснинг коронавирус туфайли пессимизми баҳоланди

Тикланиш учун 5 йилгача вақт: Хусусий бизнеснинг коронавирус туфайли пессимизми баҳоланди
Фото: EPA/Vostock-photo
Бутун дунё бўйлаб бизнес раҳбарлари глобал иқтисодиёт истиқболларини анча пессимистик руҳда баҳолашмоқда, бироқ улар ўз соҳаси ёки компанияси пандемия оқибатларидан кўп жабр кўрмайди, деб умид қилишмоқда. The Economist тадқиқотида сўралганларнинг ярми инқироз оқибатларини бартараф этишга бир йилдан кўпроқ вақт сарфланади, деган фикрни билдиришган.

Коронавирус пандемияси ва чеклов чоралари шароитида хусусий бизнес оптимизм танқислигига дуч келди, деб ёзади The Economist журналининг таҳлилий бўлинмаси. Нашр бутун дунёдаги компанияларнинг топ менежерлари кайфиятини ҳар ойда кузатиб бориш учун Global Business Barometer («Халқаро бизнес барометри») лойиҳасини йўлга қўйди.

Economist Intelligence Unit бўлинмаси 26 мартдан 6 апрелгача 118та давлатдан 2758 нафар топ менежерлар ўртасида сўров ўтказди. Таҳлилчилар уларга иқтисодиёт масаласида прогнозлар қилишни, шунингдек пандемия оқибатлари билан қай тариқа курашмоқчи эканликларини гапириб беришни сўрашди. Яқин ойлар учун истиқбол ҳақида сўралганлар -50 («жуда ёмон» бўлади)дан +50 («анча яхши» бўлади)гача баҳолашган.

Яқин уч ойнинг «энг аҳамиятли таҳдидлари» рўйхатида топ менежерларнинг 72 фоизи «COVID-19 пендемиясининг янада ёйилиши»ни танлашган. Раҳбарларни хавотирга солаётган муаммолар рўйхатининг пастида протекционизмдан ташвишланиш (13 фоиз), иқтидорлар ва малакали кадрлар етишмаслиги (13 фоиз), шунингдек, кибертаҳдидлар ва фирибгарликлар жойлашган. Коронавирусгача хусусий секторнинг бу муаммолардан хавотирлари ўсиб бораётган эди.

Бундан ташқари, таҳлилчилар топ менежерлардан бутун жаҳондаги, ўз минтақаси ва давлатидаги, шунингдек, муайян соҳаси ва компаниясидаги ишбилармонлик муҳити ҳақида ўз фикрларини баён этишни сўрашган. «Барометр» маълумотларининг кўрсатишича, баҳоланаётган майдон торайгани сари раҳбарларнинг пессимизми ҳам сусайган, лекин аввалги оптимизмга айланмаган. Келгуси уч ой учун жаҳон иқтисодиёти борасидаги кутилмалар –39,2га тенг. «Ўз минтақангиз иқтисодиёти» учун –36,7, «мамлакатингиз иқтисодиёти» учун –36,4. Маҳаллий прогнозлар бўйича пессимизм янада сустлашган. Соҳалар даражасида кўрсаткич –22га, компаниялар дарадасида –17,8га тенг.

Таҳлилчиларга кўра, бундай натижаларнинг учта турли талқини бўлиши мумкин:
  • Кўплаб сўралганлар чиндан ҳам ўзларининг соҳаси ёки компанияси коронавирус иқтисодиётда келтириб чиқарган чайқалишлардан кучли изоляция қилинганига ишонишади;
  • Топ менежерлар бутун иқтисодиётдан кўра ўз компанияси ва соҳаси тақдирига каттароқ таъсир ўтказа олишини сезишади ва бу улардаги пессимистлик даражасини туширади;
  • Раҳбарлар пандемия оқибатида «ўзига хос қисқа фурсатли когнитив диссонанс» ҳис қилишлари мумкин. Шунинг учун улар бир-бирига зид нуқтайи назарни қўллаб-қувватлашади: жаҳон ва минтақавий иқтисодиётларда вазият камида кейинги уч ой ичида ёмонлашади, лекин уларнинг ўз соҳаси ва компаниялари бундан камроқ жабр кўради.

Япония пессимизми ва Хитой оптимизми
Мамлакатлар даражасида энг катта пессимистликни Япония, Испания ва Буюк Британия топ менежлари намойиш этган. Япон раҳбарлари бошқа мамлакатлардаги топ менежерлардан фарқли ўлароқ жаҳон иқтисодиёти аҳволи борасида «бир овоздан пессимистлик»ка яқин келишган (–45,2). Японияда бирорта респондент жаҳон иқтисодиёти яқин уч ой ичида «анча яхши» ёки ҳеч бўлмаганда «нисбатан яхши» вазиятга тушишини таъкидламаган.

АҚШ, Швейцария ва Хитой топ менежерлари бироз камроқ даражада пессимистлик намойиш этишган. ХХРда натижалар ғалати: гарчи бу ерда раҳбарлар жаҳон иқтисодиётида оғир вазият (–43) кутишаётган бўлишса-да, минтақавий иқтисодиёт (–19) ва айниқса мамлакат иқтисодиёти (–5) борасида нисбатан оптимистлик кўрсатишган.

Соҳалар бўйича сўров
Тадқиқотчилар 21 соҳа вакиллари билан суҳбатлашишган. Уларга юқорида кўрсатилган саволлардан ташқари, ўз бизнесини тўрт асосий параметр: даромадлар ўсиши, фойдага чиқиш, бозордаги улуш ва операцион эгилувчанлик бўйича баҳолашни ҳам сўрашган.

Даромадларнинг ўсиши ва фойдага чиқиш борасида ритейл ҳамда интернет савдодан ташқари барча соҳалар пессимизм намойиш қилишган. Бу икки соҳа топ менежерлари камида коронавирус авж олишидан аввалги кўрсаткичларни кутишмоқда. Фойдага чиқиш борасида оптимистик прогнозга молиявий хизматлар соҳаси (–1,2) ва ишлаб чиқариш (–1,6) ҳам яқин келган, ҳолбуки, айнан мана шу икки саноат жиддий чеклов омилларига тўқнаш келишган. Бу борада энг катта пессимистлик кўнгилочар соҳа ва медиа (–10,9), шунингдек, соғлиқни сақлаш (–9) томонидан билдирилган.

Топ менежерлар пандемия туфайли келиб чиққан муаммоларга қарши курашиш учун иккита асосий стратегик қадам тайёрлашмоқда:
  • Бозорнинг каттароқ улушини эгаллаш. Ретейл ва онлайн сайдо (+6,7), ишлаб чиқариш (+6,1), технологиялар ва IT (+5,1), шунингдек, қурилиш ва кўчмас мулк (+5) бу борада айниқса оптимистик кайфият намойиш этмоқда;
  • Операцион эгилувчанликни яхшилаш. Пандемия оқибатларига қарши курашишда бу стратегиянинг муҳимлигини барча соҳа вакиллари қайд этишган. Улар оптипистик кайфиятда (ўртача +2,1) ва яқин уч ойда бу йўналишда янада кучлироқ бўлишларига ишонишади. Эгилувчанлик масофадан туриб ишлашни таъминлаш, ўзгариб турувчи жадваллар ва бошқа чораларни назарда тутади.

Бу қачон тугайди?
Ҳар қандай бошқа инқироз билан бўлгани каби, топ менежерлар вирус устидан ғалаба қозонилгач, иқтисодиёт тезда оёққа туришидан умид қилишмоқда, деб кўрсатмоқда таҳлилчилар. Раҳбарларнинг 40 фоизи бизнесининг қайта оёққа туриши «бир йилдан камроқ вақт» олиши ҳақида таъкидлаган. Бироқ, 46 фоизи бир йилдан икки йилгача вақт керак бўлади, деб ҳисоблашмоқда, 10 фоизи эса уч йилдан беш йилгача муддат талаб этилади, деган фикрда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тикланиш учун 5 йилгача вақт: Хусусий бизнеснинг коронавирус туфайли пессимизми баҳоланди