16:00 / 27.04.2020
4 164

Қозоғистонда аҳолига карантин сабаб кетма-кет иккинчи ой салкам 100 доллардан ёрдам пули тарқатилади

Қозоғистонда аҳолига карантин сабаб кетма-кет иккинчи ой салкам 100 доллардан ёрдам пули тарқатилади
Фото: «Nur.kz»
Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими яна узайтирилгани сабабли бир қатор қозоғистонликларга ижтимоий тўлов бериш давом эттирилади. Бу ҳақда Оқ ўрда сайтида маълум қилинди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини 11 майга қадар узайтиришга қарор қилган эди. Шу сабабли апрель ойида давлат томонидан 42 500 тенге (тахминан 99 доллар) ёрдам пули олган фуқаролар бу пулни май ойида ҳам олишни давом эттиради.

«Ҳукумат даромадини йўқотган фуқароларга 42 500 миқдоридаги ёрдам пулини иккинчи ой ҳам тўлаб беради. Яна ариза бериш шарт эмас. Тўловлар илгари тақдим этилган ҳужжатлар асосида амалга оширилади», — деган Тўқаев. Шунингдек, муҳтож оилалар озиқ-овқатлар тўпламини олишда ҳам давом этишини маълум қилган.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими даврида аҳолининг 4 миллион 250 нафари 42 500 тенгедан ёрдам пули олган. Яна 570 дан ортиғига озиқ-овқат тўплами берилган. Умумий ҳисобда 1,1 миллион кишини озиқ-овқат билан таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, яна 1,6 миллион киши апрель-май ойларида коммунал хизматлар учун 15 тенге миқдорида давлатдан ёрдам пули олади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган. 11 апрель куни эса мамлакат президенти фавқулодда ҳолат режимини апрель ойининг охирига қадар узайтиришга қарор қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда аҳолига карантин сабаб кетма-кет иккинчи ой салкам 100 доллардан ёрдам пули тарқатилади