11:13 / 03.05.2020
3 205

Ғарб махсус хизматлари Хитойни коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганликда гумон қилмоқда

Ғарб махсус хизматлари Хитойни коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганликда гумон қилмоқда
Фото: AP Photo/Ng Han Guan
Бир нечта ғарб давлатлари разведкалари Хитойни Уҳанда коронавирус авж олгани ҳақидаги маълумотларни узоқ вақт давомида сир сақлаганликда ва йўқ қилиб юборганликда гумон қилмоқда.

Бу ҳақда Австралиянинг The Daily Telegraph нашри хабар берди. Нашрнинг таъкидлашича, у бу борада Австралия, Янги Зеландия, АҚШ, Канада ва Британия махсус хизматлари тузган 15 саҳифалик ҳужжат билан бир танишиб чиққан.

Нашрда маълум қилинишича, разведка хизматлари маълумотларига кўра, Хитой расмийлари янги вирус ҳақида хабар қилган шифокорларни бу ҳақида оғиз очмасликка мажбур қилган, лабораториядан олинган биоматериалларни йўқ қилган ва зарур маълумотларни вакцина яратиш устида ишлаган мутахассисларга бермаган. Бундан ташқари, Хитой вирус инсондан инсонга ўтиши ҳақидаги маълумотга 2019 йил декабрь бошидаёқ эга бўлган, бироқ бу ҳақида расман 2020 йил 20 январдагина маълум қилган.

Нашрнинг қўшимча қилишича, разведка хизматларининг вируснинг келиб чиқиши борасидаги тахминлари турлича бўлган. АҚШ вирус Уҳандаги лабораториядан чиқиб кетгани ҳақидаги тахминни ёқлаётган вақтда, Австралия разведкаси Хитой ҳукуматининг версиясини ҳақиқатга мос деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Хитой ҳукумати вируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун хорижий мутахассисларни Уҳандаги лабораторияга қўйишига умид қилишини айтган. АҚШнинг бир қатор нашрлари таъкидлашича, вирус айнан шу лабораториядан тарқалган бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзянь коронавируснинг лабораторияда яратилгани ҳақидаги тахмин ҳеч қандай асосга эмаслигини айтган. У Fox News телеканалининг коронавируснинг илк ташувчиси гўёки Уҳандаги лаборатория ходими бўлгани ҳақидаги мақоласига шундай изоҳ берган.

Бу орада ЖССТ расмий вакили Фадела Шаиб ташкилот бу масалада “илмий маълумотларга таянишини” ва “вирус ҳайвонлардан келиб чиққан” деб ҳисоблашини айтган.
Аввалроқ АҚШ миллий разведкаси коронавирус лабораторияда яратилмагани ва генетик ўзгартирилмаганини маълум қилганди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғарб махсус хизматлари Хитойни коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганликда гумон қилмоқда