
Қоҳира циркида ўз ўргатувчиси бўлмиш Муҳаммад Ал-Ҳулвни ўлдириб қўйган шерни кўпчилик эсласа керак. Кейинроқ газеталар у шернинг кейинги ажиб аҳволини баён қилди. Воқеа томоша вақтида томошабинлар кўз ўнгида содир бўлди. Ўйин вақтида "Султон "лақабли шер орқа томондан ўргатувчисига тўсатдан ҳужум қилиб, тишлаб, ўргатувчининг танасига тирноқларини ботирди. Ўргатувчи ерга қулади.
Шер уни босиб турар экан, кишилар, қўриқчилар стулларни кўтариб шерга ҳужум қилишди. Муҳаммад Ал-Ҳулв қўлидаги темир хипчин билан уни урди ва ундан қутилди. Аммо вақт ўтган эди. Ўргатувчи шифохонада бир неча кундан сўнг вафот этди. Аммо "Султон"нинг аҳволи кескин ўзгарди. У овқат емай қўйди. Цирк директори уни ҳайвонот боғига бериб юборди. Шер ҳайвонот боғида ҳам овқат емади. Унинг ҳузурига урғочи шерни киритишди. Аммо "Султон" уни қувиб юборди.
Охири ақлдан озиб, ўз танасини тишлай бошлади, думини тишлаб узди. Кейин ўргатувчисини ўлдирган олд оёғини тишлай бошлади. У ваҳшийларча оёғини еди. Ниҳоят, қон кетишидан ҳалок бўлди. Тилсиз ҳайвон, ўрмон қироли вафо маъносини англади, вафодан инсон ета олмайдиган насибага етди. Гуноҳкор оёқларини еб ташлади. Совуққонларча, дипломатик стол атрофида, қадаҳларни чақиштириб, шляпаларни кийиб, романтик мусиқалар садоси остида бир-бирларини белидан қучиб, саодатла ўпишиб, худди ҳеч нарса бўлмагандек инсонлар тақдирини ҳал қилиб халқларни ейдиган, миллионлаб кишиларни қатл қиладиган йиртқич инсонларга етарли дарс берди бу "Султон".
Мен эҳтиром юзасидан бу "инсон янглиғ шер"га таъзим қиламан. Дарвоқе, мен уни "инсон янглиғ" дея унга зулм қилдим.
Тилсиз мушук нажосатини яширади. Тупроқ билан кўмади. Бу мушук гўзаллик ва қабихликни англайдими? Соҳибининг дастурхонидан гўшт ўғирламоқчи бўлса соҳиби унга бошқача қараб қўяди. Бу хатони мушук англайди ва орқага қайтади. Агар соҳиби уни урса хатосини англаб бошини силкитади, гуноҳини эътироф қилади. У қонунни биладими? Биров унга ҳаётни ўргатдими?
Туя урғочиси билан фақат хилватда жуфтлаша олади. Агар биров уни кўриб турганини сезиб қолса жуфтлашмай туради ёки бошини ерга эгади. Нима, у ҳаёни биладими??
Асаларилар ўз инини ҳимоя қилиб охирги ари қолгунча уришишади. Уларга шижоат ва фидокорликни ким ўргатди? Бу ҳашоротга тибни, илмни, ахлоқни, сиёсатни ким ўргатди?
Нега Қуръонни ўқиб, Аллоҳнинг муаллим эканини тан олмаймиз?
Бу тилсиз жониворлар илми, дастурини Холиқидан олмаган бўлса, қаердан олди?!
Инстинкт нима ўзи? У инсонга туғилган замон бериладиган илм эмасми?! Уни Холиқ бермадими?!
"Роббинг асаларига: тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан ин тутгин, дея ваҳий қилди".(Наҳл сураси)
Нима учун ҳайвонларни ўзимизга ўхшаган уммат эканини ва улар ҳам ҳашр қилинишини билиб даҳшатга тушамиз?!
"Ер юзида ўрмалаб юргувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти билан учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймасдан ёзганмиз. Сўнгра Роббилари ҳузурида жамланурлар".(Анъом-38)
"Вақтики ваҳший ҳайвонлар ҳашр қилинса..."( Таквир-5).
Ўша шернинг тутган йўли ва ўзини ўлдириши бизни тараққийлашган, фаҳмлайдиган, сезадиган, ҳис қиладиган, жазо ва иқобга ишонадиган, масъулиятга инонадиган НАФС олдида турганимизга далолат қилмайдими?
Нафски, унда зулм ва адоватдан алам чекадиган замир бор.
Мустафо Маҳмуднинг
"Аллоҳни кўрдим" китобидан.
"Аллоҳни кўрдим" китобидан.
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар