09:19 / 09.05.2020
2 631

Беларусь президентлигига бўладиган сайловда Лукашенкога рақиб пайдо бўлди

Беларусь президентлигига бўладиган сайловда Лукашенкога рақиб пайдо бўлди
Фото: Twitter /onlinerby
Беларусдаги юқори технологиялар парки ташаббускори ва асосчиси Валерий Цепкало Беларусь президентлигига бўладиган сайловда ўз номзодини илгари сурмоқчи эканлигини маълум қилди.

"Мен Беларусь Республикаси президентлигига номзодимни қўйишга қарор қилдим. Бунинг учун менда бошқарувчилик ва ҳаётий тажриба етарли. Турли мамлакатлардаги сиёсий ва ишбилармон доиралар билан жиддий алоқаларга эгаман, бундан Беларусь халқининг фаровонлиги учун фойдаланишга тайёрман", - деб ёзди Цепкало Facebook саҳифасида.

Цепкало ўз қарорини изоҳлар экан, "дунёда инқилоб юз бергани"ни ва "ибтидоий "бошқарув вертикали" ўрнига давлат ва жамият бошқарувининг шериклик, ҳамкорлик ва горизонтал ҳаракатларга асосланган янги услублари келгани"ни қайд этди.

"Бу инқилоб Беларусни четлаб ўтди. Чорак асрдан ортиқ вақт давомида мамлакат қарама-қарши йўналишда ҳаракатланди", - деб қўшиб қўйди у.
Унинг фикрича, Беларусда эртанги кун муаммолари ҳал этилмаяпти.

"Бунинг ўрнига маъносиз "ҳосил учун курашлар", ёғочни қайта ишлаш ва цемент саноати "модернизацияси", тўқимачилик комбинати, целлюлоза фабрикасини қутқариш, чўчқахона ва молхоналарга бориш ҳамда "текинхўр" ва "ялқовлар"га қарши курашиш билан бандмиз. Буларнинг барига улкан куч, пул, вақт ва энергия сарфланяпти", - деб қайд этди у.

Цепкало 1997 йилдан 2002 йилгача Беларуснинг АҚШ ва Мексикадаги элчиси бўлган. 2005 йилдан 2017 йилгача юқори технологиялар парки директори лавозимида фаолият кўрсатган.

Беларусда президент сайлови 9 августда бўлиб ўтади, бу ҳақдаги қарор жума куни миллий мажлис вакиллар палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинди.

Аввалги президент сайлови 2015 йил 11 октябрда бўлиб ўтган, Александр Лукашенко 83,5 фоиз овоз тўлаб ғалабага эришганди. Лукашенко 1994 йилдан бери мамлакат президенти бўлиб келмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Беларусь президентлигига бўладиган сайловда Лукашенкога рақиб пайдо бўлди