10:53 / 09.05.2020
2 134

Владимир Зеленский Саакашвили сабабли Грузиянинг Украинадаги элчиси чақириб олинишини хато деб атади

Владимир Зеленский Саакашвили сабабли Грузиянинг Украинадаги элчиси чақириб олинишини хато деб атади
Фото: AP Photo
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Михаил Саакашвилининг Украина Ислоҳотлар ижроия қўмитаси раҳбарлигига тайинланиши муносабати билан Грузиянинг Киевдаги ўз элчисини чақириб олиши хато ҳисобланади. Бу ҳақда «Наш» телаканали хабар берди.

Зеленскийнинг айтишича, элчининг чақириб олиниши Грузия томонининг хатоси ҳисобланади. Унинг қайд этишича, Украинанинг Грузия халқи билан муносабатлари ажойиб. Президент Украина Грузиядаги элчисини чақириб олмаслигини билдирган.

Аввалроқ Грузия ташқи ишлар вазири Давид Залкалиани маслаҳатлашувлар учун Киевдаги элчи чақириб олинганини маълум қилганди. Грузия ҳукумати Украина билан дипломатик муносабатларни узиш имкониятини кўриб чиқмаяпти, бироқ Грузия суд тизими томонидан суд қилинган ва изланаётган шахснинг давлат лавозимига тайинланиши Грузия ҳукуматида саволларни юзага келтирмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский 7 май куни Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини президент қошидаги Миллий ислоҳотлар кенгаши таркибига кирувчи Ислоҳотлар ижроия қўмитаси раҳбари этиб тайинлади.

Дастлаб Украина президенти Владимир Зеленский Саакашвилини ислоҳотлар бўйича бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлашни кўзлаган эди. Бироқ Украина Олий радаси депутатлари Саакашвилининг бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланишини қўллаб-қувватламади. Дастлабки муҳокамалар чоғида Украина ҳукумати Саакашвилини қўллаб-қувватлаш учун етарлича овоз тўплай олмаган ва унинг номзодини овозга қўйишдан олдин қайтариб олган. Кейинроқ Зеленский Саакашвили билан ишнинг бошқа форматини муҳокама қилгани маълум бўлган.

Михаил Саакашвили 2004—2013 йилларда Грузия президенти бўлган. Президентлик сайловидаги мағлубиятдан кейин у мамлакатни тарк этган ва Украинага келган.

Тбилиси суди 2018 йилда мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини сиртдан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Суд қарорига кўра, собиқ президент 2008 йилда Грузия бирлашган банкининг ходими Сандро Гиргвлианини ўлдирганликда айбланган тўрт нафар полициячини афв этиш билан ўз ваколатини суиистеъмол қилган.

2014 йил ноябрида Грузия прокуратураси Саакашвилини қотиллик бўйича терговга аралашишга уринганликда айблаб, мамлакатдан чиқиб кетганлиги сабабли уни қидирувга берган. Украинада ҳам Грузиянинг собиқ президентига қарши жиноий ишлар қўзғатилган, хусусан, унга жиноий ташкилотларни тарғиб қилиш ва уларнинг фаолиятини яшириш айблови қўйилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Владимир Зеленский Саакашвили сабабли Грузиянинг Украинадаги элчиси чақириб олинишини хато деб атади