09:23 / 15.05.2020
2 989

Хитойнинг энг бой одами ўзгарди

Хитойнинг энг бой одами ўзгарди
Фото: REUTERS/BOBBY YIP
Alibaba Group асосчиси Жек Ма Хитойнинг энг бой одами номини яна Tencent Holdigs онлайн-ўйинлар дистрибьютори асосчиси Ма Хуатэнга бой берди.

Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди. Айни вақтда Манинг бойлиги 40,7 млрд долларга, Ма Хуатэнники эса 48,3 млрд долларга баҳоланмоқда.
Forbes’нинг 2020 йил мартда эълон қилинган йиллик рейтингида Жек Ма 38,8 млрд доллар билан хитойлик миллиардерлар орасида 1-ўринни эгаллаётганди. Ма Хуатэн эса ундан 700 млн доллар ортда қолаётганди.

Нашр Ма Хуатэн бойлигининг кескин ортишини Tencent акциялари нархи ошиши билан боғлаган. Жорий йил бошидан бери ушбу компания акциялари 14 фоизга ошган. Бу эса коронавирус пандемияси шароитида уйдан чиқишнинг чекланиши ортида онлайн-ўйинларга талаб ошгани билан тушунтирилади. Жорий йилнинг 1-чорагида Tencent’нинг тушуми 26 фоизга ошиб, 108 млрд юандан (15 млрд доллар) кўроқни ташкил қилган.

“Фойдаланувчилар уйда қолаётганлари сабабли маҳсулотларимиз ҳеч қачон бунчалик талабгир ва долзарб бўлмаган”, деб айтган 13 май куни Ма Хуатэн.

Бироқ Forbes’нинг таъкидлашича, Хитойда карантин чекловлари бекор қилингач, Tencent хизматлари ва маҳсулотларига талаб камайиши мумкин, чунки бу одамлар, жумладан ўсмирларнинг уйларда камроқ вақт ўтказишларига олиб келади, иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши эса уларни ўйинларга харажатларни камайтиришга ундайди.

Бунинг натижасида Жек Ма ва Ма Хуатэн яна ўрин алмашишлари мумкин. Бундан аввал Tencent асосчиси 2019 йил мартдаги рейтингда Мани ортда қолдирганди, бироқ Alibaba асосчиси ноябрда етакчиликни яна ўзига қайтара олган.

Шу билан бирга, Bloomberg мутахассислари ҳисоб-китобига кўра, Жек Ма Ма Хуатэндан 1 млрд долларга бойроқ ҳисобланади. Bloomberg Billionaires Index рейтингига кўра, Жек Ма ҳозирда дунёнинг энг бой одамлари орасида 44,6 млрд доллар билан 19-ўринни, Ма Хуатэн эса 1 млрд долларга камроқ бойлик билан 20-ўринни эгалламоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойнинг энг бой одами ўзгарди