date
views 2 742

Коронавирус: Россияда вазият барқарорлашаётгани маълум қилинди

Коронавирус: Россияда вазият барқарорлашаётгани маълум қилинди
Россияда сўнгги бир кунда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 9709та янги ҳолат қайд этилди - мамлакатда қаторасига иккинчи кун кунлик ўсиш ҳолати 10 мингдан кам бўлмоқда. Янги зарарланиш ҳолатлари ўсиши темпи пасайганидан кейин Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашганини маълум қилди ва шу билан биргаликда россияликлар ҳали яна узоқ вақт янги шароитларда яшишига тўғри келишини қўшимча қилди.

Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, сўнгги кунда қайд этилган ҳолатларнинг 42,4 фоизида (4116 киши) касалликнинг клиник белгилари кузатилмаган. Бир кун олдин Россияда 9200 кишида вирус аниқланганди, бу 2 майдан буён қайд этилган энг минимал кўрсаткич бўлди.

Ўтган кун давомида 4207 киши соғайган (жами 67373 киши). Касалланиш ҳолатларининг қайд этилиши борасида Москва етакчилик қилмоқда - бир кунда 3855 ҳолат. Пойтахтда шу вақтгача қайд этилган жами ҳолатлар - 142 824тага етган.

Россия бўйлаб шу вақтгача қайд этилган ҳолатлар сони эса 281 752тани ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич билан Россия энг кўп касаллар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди - биринчи ўриндаги АҚШда 1,5 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган, 90 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Россияда ўлимлар сони 2 631тага етган, бу касаллик кўп қайд этилган мамлакатлар ўнлигида ўлимлар сони бўйича энг паст кўрсаткичдир. Сўнгги бир кунда 94 бемор Covid-19 туфайли вафот этган, шундан 71 ўлим Москвада қайд этилган.

«Биз ҳаммамиз кутган барқарорлик даражаси келмоқда. Айтган бўлардимки, биз ўсишни тўхтатдик.

Барқарорлашув бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда. Барча регионлар вазият барқарорлашишига эришди, бу одамлар ўз соғлиги ҳақида қайғураётгани натижасидир», деган Попова якшанба куни «России 1» эфирида. У кундан кунга пасайиш қайд этилаётганини таъкидлаган.

Янги шароитлардаги ҳаёт

Россияликлар янги ҳаёт тарзида яшашлари ҳақида айтган Попова жамоат жойларида тиббий ниқоб ва қўлқопда юриш шартлигини эслатиб ўтган.

«Кўчада, транспортда, жамоат жойларида ва ишда ҳамма ниқобда бўлиши шарт. Фақат ёпиқ ҳудудда ёлғиз бўлиш бундан мустасно», - деган Роспотребнадзор раҳбари.

У барчаси нормал деб ҳисобланиши учун кунлик ҳолатлар сони қанчага тушиши кераклиги ҳақидаги саволга «Ноль» деб жавоб қайтарган.

«Янги шароитлар [пандемия туфайли] юзага келган, бундай шароитларда ҳали узоқ вақт қоламиз. Унинг элементларидан бири учиш учун қўйиладиган шартлардир, ҳаётимизда бундай элементлар кўп. Биз шу ишлар устида ишламоқдамиз», деган муассаса раҳбари.

Доғистонда 40дан ортиқ шифокор ўлими

Доғистон ҳукумати шу кунларда республикада касалланиш ҳолатлари сони расмий маълумотлардан келтирилганидан кўпроқлиги ҳақида маълум қилди.

Доғистон соғлиқни сақлаш вазири Жамалудин Гажиибрагимов айни вақтда минтақада коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 13 мингдан ортиқ экани, уларнинг 7 мингдан ортиғи стационар шароитларда даволанаётгани ҳақида маълум қилди. Расмий маълумотларда республикада 3 300 бемор борлиги айтилганди.

Гажиибрагимовнинг сўзларига кўра, республикада ҳозирга қадар 13 697 кишида коронавирус ва пневмония (касалхонадан ташқарида юқтирилган) қайд этилган. Шифохонадан ташқарида юқтирилган пневмония оқибатида бутун республика бўйлаб 657 киши вафот этган, шундан 40дан ортиғи шифокорлар бўлган.

Вазирнинг айтишича, республикада касаллик ҳолатларини аниқлаш бўйича лаборатория тадқиқотлари билан дастлаб Роспотребнадзор бўлинмаси шуғулланган. «Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли лабораториялар ҳам қўшилди. Бироқ пневмония билан фақат Роспотребнадзор бўлинмаси шуғулланган», дейди Гажиибрагимов Инстаграмдаги саҳифасида.

У касалхонадан ташқарида пневмония билан касалланганлар ҳам худди Covid-19’га чалинганлар каби даволанаётгани, коронавирус ва пневмонияга чалинганлар орасида фарқ йўқлигини таъкидлаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: Россияда вазият барқарорлашаётгани маълум қилинди