17:30 / 26.05.2020
2 763

Фирибгар, порахўр, тамагир... Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу узоқ муддатга қамалиши мумкин

Фирибгар, порахўр, тамагир... Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу узоқ муддатга қамалиши мумкин
Фото: «Reuters»
Бенямин Нетаняҳу cуд мажлисига тансоқчилар қуршовида, тиббий ниқобда келди.

Қуддус округ судида Исроил тарихидаги энг шов-шувли суд жараёни бошланди. Маҳкама қора курсисида — бир қатор оғир жиноятларда айбланаётган бош вазир Бинямин Нетаняҳу! 70 ёшли арбоб Исроил тарихига ҳукумат раҳбари лавозимида маҳкамада сўроққа тутилган илк бош вазир сифатида кирди. Парламентдаги мухолифат иттифоқи етакчиси Яир Лапид маҳкама жараёнини мамлакат учун шармандали ҳодиса деб атади.

Ҳукумат раҳбари ва «Ликуд» партияси етакчиси порахўрлик, тамагирлик, бюджет маблағини талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланмоқда. Табиийки, судланувчининг ўзи барча айбловларни рад этмоқда.

Бинямин Нетаняҳу илк суд мажлисида шахсан қатнашмаслик учун судьяларга илтимоснома йўллаган. У ўз мактубида коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий масофани сақлаш билан боғлиқ муаммони рўкач қилган. Аммо судьялар бош вазир келтирган важни асоссиз деб топган ва унинг сўровини рад этган.

Бош вазир илк суд мажлисига тансоқчилар қуршовида, тиббий ниқобда келган.

Фото: «Haaretz»
Маҳкама уч нафар судья томонидан олиб борилмоқда. Хусусан, суд раиси Ривка Фельдман-Фридман коррупцияга оид талай шов-шувли ишлар, жумладан, Нетаняҳудан аввалроқ бош вазир сифатида фаолият юритган Эхуд Ольмертга оид жиноий ишни ҳам кўрган.

Тергов хулосасига кўра, сиёсатчи алоқа вазири лавозимида фаолият юритган пайтда «Bezeq» телекоммуникация концернига ҳуқуқий имтиёзлар берган. Бунинг эвазига ширкат назоратидаги оммавий ахборот воситалари Нетаняҳу фаолияти ҳақида ижобий мазмундаги материаллар эълон қилган.

Бош вазир, шунингдек, мамлакатдаги йирик ноширлик уйларидан бири — «Yedioth Ahronoth» раҳбарияти билан яширин музокара олиб борган. Нетаняҳу ноширлик уйи ҳукумат сиёсатини ижобий ракурсда тасвирласа, уларнинг рақобатчилари фаолиятини чекловчи қонун ҳужжати қабул қилишга ваъда берган.

Жиноий ишга «Bezeq», «Yedioth Ahronoth» ширкатлари хўжайинлари ҳам айбланувчи сифатида жалб этилган.

Қайд этилишича, бош вазир ва унинг оиласи 2007—2016 йилларда америкалик Арнон Милчен ва австралиялик бизнесмен Жеймс Пакердан қимматбаҳо совға-саломлар ҳам олиб келган.

Маҳкама жараёнида 300 га яқин гувоҳ сўроқ қилиниши кутилмоқда.

Исроил қонунчилигига кўра, порахўрлик учун 10 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин. Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш учун эса 3 йил қамоқ кўзда тутилган.

Таҳлилчиларга кўра, жуда катта сиёсий таъсирга эга арбоб барча айбловларни рад этиш орқали вақтдан ютиш ва қамоқ жазосидан қутулиб қолишга уринмоқда. Қолаверса, бош вазир тарафдорлари томонидан таҳдидли баёнотлар берилгани сабаб, судья ва прокурорлар улар учун махсус қўриқчилар тайинланган.

Мамлакат қонунларига мувофиқ, ҳукумат раҳбари гарчи маҳкамага тортилаётган бўлса-да, ўз лавозимида қолиши мумкин. Аммо суд уни айбдор деб топса, ўша заҳоти вазифасидан бўшатилади.

Илк суд мажлиси 24 май куни бўлиб ўтган бўлса, кейинги муҳокама 19 июль кунига белгиланган.

Бенямин Нетаняҳу жорий йил 17 май куни бош вазир сифатида қасамёд қилди. Бу — сиёсатчининг ҳукумат раҳбари лавозимидаги бешинчи ваколат муддатидир. Нетаняҳу 2009 йилдан Исроил ҳукуматига бошчилик қилиб келмоқда. У, шунингдек, 1996—1999 йилларда ҳам ҳукуматни идора қилган.

Нетаняҳуга қадар мамлакат президент ва бош вазири сифатида фаолият юритган арбоблар ҳам маҳкама томонидан оғир жиноятларда айбдор деб топилган.

2006—2009 йилларда Исроил ҳукуматини бошқарган Эхуд Ольмерт лавозимидан кетгач, 2014 йилда коррупцияга билан боғлиқ жиноятларда айбланган. Тель-Авив округ суди Ольмертни коррупцияда айбдор деб топиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ва жарима жазоси тайинлаган.

Исроилнинг саккизинчи президенти (2000—2007) Моше Кацев эса 2010 йилда суд томонидан жинсий зўрлашда айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

С.Салим

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фирибгар, порахўр, тамагир... Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу узоқ муддатга қамалиши мумкин