23:35 / 02.06.2020
2 644

АҚШ ва Канадада «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» хайрия акцияси давом этмоқда

АҚШ ва Канадада «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» хайрия акцияси давом этмоқда
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШ ва Канадада «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» хайрия акцияси доирасида 60 минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ йиғилган. Ушбу маблағлар «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

Қайд этиш керакки, шу йил апрель ойида Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан Америка ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошларимиз диаспора ташкилотлари раҳбарлари иштирокида «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» хайрия акцияси бошланган эди.

Акциянинг асосий эътибори дастлабки кунларданоқ Ўзбекистон аҳолисига Covid-19 пандемиясига қарши курашишда хайрия ёрдамини жалб этишга қаратилди. Бироқ Бухорода кучли довул ва Сирдарё вилоятидаги сув омбори тўғонининг ўпирилишидан сўнг тадбир иштирокчилар ушбу табиий офатлардан жабр кўрганларга ҳам ёрдам кўрсатишни таклиф қилди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси томонидан бошланган иш Шимолий Америкадаги ўзбек жамоалари бирлаштирди. Улар орасида «Туркистон-Америка» Ассоциацияси, «Маҳалла USA», «АҚШ ва Канададаги Бухоро яҳудийлари» конгресси, Америкадаги ўзбеклар уюшмаси, Атлантадаги ўзбеклар жамияти, Чикагодаги Ўзбекистон-Америка уюшмаси, Америкадаги «Ватандош» ассоциацияси, Сан-Франциско кўрфазидаги ўзбеклар жамоатчилик маркази, Питтсбург шаҳридаги ўзбеклар жамияти, «Ўзбек маҳалласи», Буюк Филаделфиядаги ўзбеклар ҳамдўстлиги, Янги Англиядаги ўзбеклар маданий маркази, Америкадаги «Самарқанд форуми» ва Флорида шаҳридаги Ўзбекистон-Америка ассоциацияси бор.

Ушбу акцияни тарғиб қилиш учун диаспорал ташкилотлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги манбаларидан кенг фойдаланмоқда. Хусусан, «Америка овози», «Жон Бетчелор шоу» радиостанцияси, «Сарбон», «Россия» радиолари, «Bukharian Times» газетаси, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг Youtube, Twitter, Facebook, Telegram ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида махсус дастурлар тайёрланди.

АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимиз, жумладан, маданият ва санъат вакиллари ушбу акцияни қўллаб-қувватлашга чақирди.

450га яқин киши ўзбек халқини қўллаб-қувватлаш акциясида иштирок этди. Улар орасида фан ва маданият вакиллари, тадбиркорлар, шифокорлар, турли компания ва банк ходимлари бор.

Ўзбекистон халқ артисти, Шашмақом академияси раҳбари Изро Малаков «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида республикамиз ҳукумати коронавирус билан касалланган ва табиий офатдан жабрланганларга самарали ёрдам кўрсатиш учун барча чораларни кўраётганини таъкидлади.

— Қувонарлиси шундаки, ушбу оғир дамларда юртдошларимиз Ўзбекистонга ёрдам қўлини чўзди, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков. - Меҳнатсевар Ўзбекистон халқи ушбу синовли кунларни енгиб ўтишига ишонамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакат аҳолисига сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ва Канадада «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» хайрия акцияси давом этмоқда