18:30 / 06.06.2020
3 311

Россия ички ишлар вазирлиги мигрантлар учун янги режим ишлаб чиқмоқда

Россия ички ишлар вазирлиги мигрантлар учун янги режим ишлаб чиқмоқда
Фото: Михаил Голенков / РИА Новости
Миграцион режимни такомиллаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳ таклифларида мигрантлар ҳуқуқий ҳолати акс этган ягона портал ишлаб чиқиш режаси мавжуд.

Россия ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, ягона информацион платформада ҳар бир мигрант учун шахсий кабинетлар яратилади. Бу платформа орқали мигрантлар давлат хизматларидан фойдаланишлари, расмий ташкилотлар билан мобиль иловалар орқали боғланишлари мумкин бўлади.

Бу лойиҳа «Россия Федерациясининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган давлат миграцион концепцияси» асосида илгари сурилмоқда.

Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженовнинг сўзларига кўра, мигрантлар кўпинча патентларни янгилашни унутадилар ёки миграцион ҳисобда туриш муддатини ўтказиб юборадилар. Бу ўз навбатида уларнинг ноқонуний мақомга ўтиб қолишларига сабаб бўлади. Лойиҳанинг амалга ошиши бу мумаммоларга барҳам бериши кутилмоқда.

Коженов миграцион ҳисобга олиш тизими ҳам эскирганини қайд этиб ўтган. Сабаби, хориждан келганлар одатда белгиланган манзилда яшамайдилар ва шунинг ўзиёқ тизим асосий функциясини бажара олмаётганини англатади. Янги лойиҳа ишга тушса ва ҳар бир мигрант иловани юклаб олса, унинг қаерда яшаётганини геолокация орқали ҳам кузатиш мумкин бўлади.

Kun.uz мазкур лойиҳа мигрантларга, айниқса Россиядаги ўзбекистонликларга қандай наф ёки зарар келтириши бўйича Москвада мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланувчи ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммаддан изоҳ олди.

«Биз одатда бундай лойиҳаларга скептик ёндашамиз. Чунки қоғозда жуда чиройли, аммо амалда ишламайди. Россияда шу пайтга қадар ҳам «Ягона давлат хизматлари портали» мавжуд эди. Ўшани такомиллаштириб, мигрантлар фойдаланиши учун қулай қилиб қўйиш кифоя бўлар, алоҳида портал тузишга ҳожат йўқ эди.

Майли, бу портал яратилибди, лекин у қандай ишлайди? Буниси катта сўроқ остида. Сабаби, мигрантларни бошқариш билан боғлиқ ҳар қандай жараён жуда коррупциялашган ва ундан катта даромад олаётганлар осонликча бўш келишмайди.

Шу пайтгача ҳам бундай лойиҳалар бўлган ва улар ҳам кўнгилдагидай ишламай унутилган, ҳаммаси олдингидай қоғозбозлик ва порахўрликка қайтаверган.

Лойиҳанинг иккинчи салбий жиҳати, шахсий ҳаётга аралашув белгилари мавжудлиги. Буни ҳам оқлаб бўлмайди.
Лекин агар бу лойиҳа чиндан ҳам айтилганидек ишлаб, мигрантлар ҳаётини енгиллаштирса, биз буни фақат олқишлаймиз
», дейди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ички ишлар вазирлиги мигрантлар учун янги режим ишлаб чиқмоқда