08:30 / 09.06.2020
2 373

Москвада 9 июндан ўзини ўзи яккалаш ва рухсатномалар тартиблари бекор қилинади

Москвада 9 июндан ўзини ўзи яккалаш ва рухсатномалар тартиблари бекор қилинади
Фото: EPA
Москва мэри Сергей Собянин 9 июндан бошлаб ўзини ўзи яккалаш тартиби, рухсатномалар режими, шунингдек, 9, 16 ва 23 июнь кунлари уч босқичда шаҳардаги бошқа карантин чекловларини аста-секин юмшатиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

«9 июндан бошлаб ўзини ўзи яккалаш ва рухсатномалар тартиблари бекор қилинади. Улар билан бирга сайр қилиш графиги ҳам бекор бўлади. Шаҳар аҳолиси, жумладан, 65 ёш ва ундан катта фуқаролар, сурункали касаллиги бўлган одамлар ҳам чекловларсиз кўчага чиқиши ва жамоат жойларига бориб, ўз ишини битириши мумкин», — деб ёзган Собянин ўз шахсий сайтида.

Шунингдек, мэр ижтимоий хариталар яна ишлай бошлаши ва имтиёзга эга фуқаролар бепул жамоат транспорти хизматларидан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлаган.

9 июндан Москвада гўзаллик салонлари ва ветеринария клиникалари очилади, каршерингга қўйилган чекловлар бекор қилинади, театрларда репитицияларга рухсат берилиб, қабристонлар одамлар зиёрат қилиши учун очилади. 16 июндан бошлаб эса музейлар, кўргазмалар очилади, стоматология клиникаларида тиббиёт хизматларини кўрсатишга ҳам рухсат этилади. 23 июндан бошлаб фитнесс-клублар ва сув ҳавзалари, дарё трамвайларидаги экскурсиялар фаолияти бошланади. Болалар боғчалари ҳам очилиши кўзда тутилган.

Ресторан ва кафелар икки босқичда очилади: 16 июндан ёзги айвончалар, бир ҳафтадан кейин эса асосий биноларда мижозларга хизмат кўрсатиш ишлари бошлаб юборилади.

Мэрнинг блогида тиббий ниқоб ҳамда қўлқопларга боғлиқ тартиб ҳақида маълумот берилмаган, шунингдек, ижтимоий масофаланиш ва бошқа санитария талаблари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Собянин яқин вақт ичида шаҳар одатий ҳаёт тарзига қайтишини маълум қилган.

Москвада 30 мартдан бошлаб ўзни яккалаш тартиби жорий қилинган. 10 апрелдан Москвада коронавирус сабаб қабристонларни зиёрат қилиш тақиқланган. 15 апрелдан бошлаб шаҳар аҳолисининг ишга, тиббиёт муассасаларига ҳамда шахсий иш билан манзилларга бориш учун рақамли рухсатномалар тизими ишга туширилган.

1 июндан бошлаб москваликларга, хусусан, 65 ёш ва ундан катта кишиларга, сурункали касаллиги бор беморларга кўчада сайр қилишга ва очиқ ҳавода спорт билан шуғулланишга рухсат берилган. Хиёбонлар очилган, велосипед ижарага бериш хизматлари фаолияти қайта тикланган. Шунингдек, автосалонлар, маиший буюмлар дўконлари ва дам олиш кунлари учун ярмаркалар очилган.

Бироқ ўзни яккалаш тартиби ҳамда рақамли рухсатномалардан фойдаланиш муддати узайтирилган ва 14 июнгача амал қилиши лозим эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада 9 июндан ўзини ўзи яккалаш ва рухсатномалар тартиблари бекор қилинади