12:50 / 16.06.2020
1 941

Хитойлик миллиардерни ўз уйидан ўғирлаб кетишмоқчи бўлди

Хитойлик миллиардерни ўз уйидан ўғирлаб кетишмоқчи бўлди
Фото: Twitter/ChinaPropertyFocus
Хитойлик миллиардер, Midea Group компанияси асосчиси Хэ Сянцзянни ўз уйидан ўғирлаб кетишмоқчи бўлди. Бироқ жиноятчиларнинг қабиҳ режаси миллиардер ўғлининг абжир ҳаракатлари эвазига амалга ошмади.

The New York Times нашрининг хабар беришича, жиноятчилар миллиардернинг Фошань шаҳридаги вилласига бостириб кириб, у ердаги барча одамларни гаровга олган. Бироқ миллиардернинг ўғли қочиб кетишга ва полиция чақиртиришга муваффақ бўлган.

Миллиардернинг 55 ёшли ўғли, Midea Group директорларидан бири Хэ Цзяньфэн уйдан қочиб чиқиб, яқин орадаги дарёни сузиб ўтган ва воқеа ҳақида полицияга хабар қилган. Тез орада полиция ходимлари тадбиркорни ва унинг оила аъзоларини озод қилишган ва 5 кишини ҳибсга олишган.

Гумонланувчиларда портловчи қурилмалар бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, улар жиноят вақтида ушбу портловчи қурилмаларни қўллаган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари жиноятни жангари фильм сюжетига қиёслашган.

Midea Group компанияси Sina Weibo’даги саҳифасида полицияга миннатдорлик сўзларини билдирган. “Полицияга, оммавий ахборот воситалари ва жамиятнинг барча қатламларига қилинган ишингиз учун раҳмат”, дейилган хабарда.

Хэ Сянцзян Хитойда маиший техника ишлаб чиқарувчи энг йирик компания асосчиси ҳисобланади. Forbes Rich List рўйхатига кўра, унинг бойлиги 25 млрд долларга баҳоланади. У Хитойдаги 6-рақамли, бутун дунё бўйича эса 36-рақамли энг бой инсон ҳисобланади.

Хэ Сянцзян Midea компаниясини 26 ёшида 1968 йилда ташкил этган. Компания дастлаб бутилкалар учун қопқоқлар ва автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарган, ҳозирда эса маиший техника ва кондиционерлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Хэ, шунингдек, дунёдаги энг йирик робототехника компанияларидан бири - Германиянинг Kuka компаниясига эгалик қилади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойлик миллиардерни ўз уйидан ўғирлаб кетишмоқчи бўлди