21:38 / 21.06.2020
2 104

Путин кейинги сайловда ҳам номзодини қўйишини истисно этмади

Путин кейинги сайловда ҳам номзодини қўйишини истисно этмади
Фото: EPA/Vostock-photo
Россия президенти Владимир Путин Конституцияга тегишли тузатишлар киритилса, янги президентлик муддати учун номзодини қўйишини истисно этмади.

«Мен ҳали ўзим учун ҳеч қандай қарор қабул қилмадим. Мен бундай эҳтимолни истисно этмайман», - деган Путин «Россия 1» канали эфирида намойиш этилган «Россия. Кремль. Путин» ҳужжатли фильмида.

«Агар бу Конституцияда ифодасини топса - сайловга номзодимни қўйишим мумкин. Кўрамиз. Ўшандан кейин барчаси ойдинлашади», - дея қўшимча қилган у.

«Зарурий тузатиш»
Шу билан бирга, Владимир Путин мамлакат конституциясига тузатишлар киритиш таклифи тўғри бўлганига ишонч билдирди.
«Биласизми, мен ҳозир мутлақо очиқ гапираман: агар бу рўй бермаса [конституцияга тегишли тузатиш киритилмаса], ўз тажрибамдан биламанки, икки йилдан кейин, одатий тартибда ишлаш ўрнига ҳукуматнинг кўплаб қатламларида ўринбосарлар излаш ишлари бошланиб кетади», - деган РФ президенти.

Июнь ойи бошида Владимир Путин Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми 1 июлга белгилангани ҳақида эълон қилганди (амалда овоз бериш 25 июндан бошланиб, 1 июлгача давом этади). Референдум 22 апрель куни ўтказилиши керак эди, аммо коронавирус эпидемияси туфайли кейинроққа қолдирилганди.

Конституцияга ўзгартиришлар президентлик муддатини ҳам ноллаштиришни назарда тутади: агар россияликлар асосий қомуснинг янгиланган лойиҳаси учун овоз беришса, Путин 2024 йилда навбатдаги 6 йиллик учун, бу муддат якунида эса яна бир марта сайловда қатнашиши ва 2036 йилгача ҳокимиятни сақлаб қолиши мумкин.

Аввалроқ Россия Олий суди Киров областининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти» раҳбари Геннадий Рудякнинг президентнинг 1 июль куни референдум ўтказиш тўғрисидаги фармони бўйича шикоятини рад этганди.

Суд аввалига Рудякнинг даъвосини қабул қилган, аммо даъво кўп ўтмай канцелярияга қайтарилган.
10 июнь куни Россия олий суди бошқа бир россиялик Виктор Мещеринов томонидан берилган худди шу мазмундаги даъвони қайтарганди.

18 июнь куни Россия коммунистик партияси депутатлари Евгений Ступин ва Олег Шереметьев, сиёсатшунос Валерий Соловей ва ҳуқуқшунос Сергей Бочаров Россия Олий судига президент Владимир Путиннинг фармонини ноқонуний деб тан олиш талаби билан ариза топширишди.

«Ҳар куни ўнлаб одамлар, баъзида юзлаб кишилар вирусдан ҳалок бўлишмоқда. Бундай шароитда референдум ўтказиш - жиноятдир. Путиннинг фармонини бекор қилиш кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолади», - дея ёзган Ступин фейсбукдаги саҳифасида.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин кейинги сайловда ҳам номзодини қўйишини истисно этмади