
Америкалик тадбикор, Google қидирув тизими асосчиси Сергей Брин фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи махфий жамоага эга бўлиб, у собиқ ҳарбийлар ва тансоқчилардан тузилган.
The Daily Beast нашрининг хабар беришича, Global Support and Development деб номланган ушбу хусусий ташкилот тезкор жавоб бериш жамоаси сифатида фаолият юритади. Унинг ягона ҳомийси 46 ёшли Брин ҳисобланади.
Жамоа аъзолари бутун дунё бўйлаб кезиб, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришади. Ташкилот ихтиёрида энг замонавий техника, жумладан Бриннинг 80 млн долларлик Dragonfly суперяхтаси, дронлар ва дирижабл бор.
Ташкилотнинг раҳбари АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ лейтенанти Грант Доусон ҳисобланиб, у Бриннинг хавфсизлик хизматида бир неча йил ишлаган.
Таъкидланишича, бундай ташкилотни ташкил этиш ғояси Бринда 5 йил аввал пайдо бўлган. Google асосчиси ўшанда ўз яхтасида саёҳат қилиб юрганда, Пэм циклонидан жабр кўрган Вануату орол-давлати ёнидан сузиб ўтган. Шунда миллиардер табиий офатдан жабр кўрган маҳаллий аҳолига ёрдам беришга қарор қилган. Брин Доусон билан боғланган, у эса ўз навбатида тезда маслакдошларни тўплаб, улар билан бирга оролга керакли анжом, дори-дармон ва озиқ-овқат билан етиб келган.
Таъкидланишича, 2015 йилдан бери ташкилот довуллар авж олган, вулқон отилиши ва зилзилалар юз берган кўплаб жойларда ёрдам берган.
Айни вақтда бойлиги 63,5 млрд долларни ташкил қилувчи Бриннинг ўзи бу ташкилот борасида ҳеч қандай изоҳ бермайди.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар