12:23 / 13.07.2020
1 181

YouTube’да 4 мингдан зиёд дизлайклар қўйилган Жээнбековнинг мурожаати ўчириб ташланди ва қайта юклаб қўйилди

YouTube’да 4 мингдан зиёд дизлайклар қўйилган Жээнбековнинг мурожаати ўчириб ташланди ва қайта юклаб қўйилди
Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати
Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбековнинг мамлакатда коронавирус бўйича вазият юзасидан фуқароларга қилган видеомурожаати YouTube платформасидан дизлайклар сонининг лайклардан 14 баробарга кўплиги туфайли ўчириб ташланди ва қайтадан юклаб қўйилди.

Видео 9 июлда YouTube’га жойлаштирилган. Шу куни маҳаллий вақт билан соат 23:30 да роликни кўрмоқчи бўлганлар уни юклаган фойдаланувчи томонидан ўчириб ташлангани ҳақидаги хабарни ўқиган. Ўша вақтда мурожаатда 300 та лайк ҳамда 4200 та дизлайк бўлган. Бундан ташқари фойдаланувчилар томонидан билдирилган салбий изоҳлар ҳам ўчириб ташланган. Ўчирилишидан аввал видеонинг кўришлар сони 30 мингга яқин бўлган.

Фото: Telegram
Тунги соат 01:00 ларда Қирғизистон президентининг YouTube’даги каналида ўчириб ташланган видео қайта юкланган, аммо бу сафар унинг оcтида изоҳ қолдириш, лайклар ва дизлайклар статистикасини кўриш функциялари ўчириб қўйилган. Президент матбуот хизмати вакили «24.kg» нашрига берган интервьюсида видео, унинг остида деструктив изоҳлар кўпайиб кетгани сабаб ўчирилганини билдирган. Президент вакилларининг сўзларига кўра, мазкур изоҳлар минтақада низо келтириб чиқариш, шахснинг қадр-қиммати ва обрўсини камситиш мазмунида бўлган, шунингдек, улар асосан фейк аккаунтлар орқали билдирилган.

Жээнбеков ўз мурожаатида Қирғизистон пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни матонат ва шараф билан енгиб ўтаётганини қайд этган, халқни касалликни енгиб ўтишда фуқаролик масъулиятини ҳис этишга чорлаганди. Қирғизистон президенти мамлакатга келаётган халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағларининг ўғирланишига асло йўл қўймаслигини ҳам айтиб ўтган.

Қирғизистонда эпидемия бошланганидан бери, 12 июль ҳолатига кўра 10 629 кишида коронавирус аниқланган, 3 787 нафар бемор инфекциядан тузалган ва 137 киши касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.

Манба: Daryo.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)