11:47 / 14.07.2020
4 578

Олимлар коронавирусдан вафот этиш эҳтимолини икки баравар оширадиган омилни аниқлади

Олимлар коронавирусдан вафот этиш эҳтимолини икки баравар оширадиган омилни аниқлади
Фото: Reuters
Хитойлик олимлар коронавирусга чалинган одамнинг қонида қанд миқдорининг юқори бўлиши унинг коронавирусдан ўлиш хавфини икки баравар оширишини аниқлади. «ТАСС»нинг ёзишича, бу борадаги тадқиқот натижалари Диабетология журналида эълон қилинган.

Коронавирус тарқалганидан сўнг шифокорлар ва биологлар ушбу касалликни қўзғатувчи SARS-CoV-2 қандли диабет, семизлик, сурункали юрак касаллиги билан оғриганларга, шунингдек, чекувчиларга кўпроқ таъсир қилишини аниқлаган. Хусусан, олимларнинг аниқлашича, юрак билан боғлиқ касалликлар коронавирусдан вафот этиш хавфини 4 баравардан ортиққа, семизлик ва қандли диабет эса 3 баравардан 5 бараваргача оширган.

Тадқиқотда 24 январдан 10 февралгача бўлган муддатда Ухандаги касалхонага ётқизилган 605 нафар берморнинг касаллик тарихи ўрганиб чиқилган.

Беморларнинг 100 нафардан ортиғи вирусни енга олмай вафот этган. Шу сабабли олимлар беморларнинг ўлимига олиб келган омилларни ва улар организмининг ўзига хос хусусиятларини батафсил ўрганиб чиққан. Ўрганишлар давомида қонда қанд моддаси юқори — бир литрда тахминан 7 миллимол бўлган беморлар бошқаларига қараганда COVID-19 асоратларидан 2,3 марта кўпроқ вафот этгани аниқланган.

Қонда қанд миқдорининг юқорилиги коронавирусдан ўлим хавфини айнан қандай қилиб оширишини олимлар ҳозирча билмайди. Аммо уларнинг тахминига кўра, қонда глюкоза миқдорининг кўп бўлиши тромб ва яллиғланишлар юзага келтириши, шунингдек, қон-томирлар иши ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

«Биз касалхонага ётқизилган ҳар бир бемордан ҳатто улар аввал қандли диабет билан оғримаган бўлсалар ҳам, қондаги қанд миқдори даражасини аниқлашни тавсия этамиз», — деб ёзмоқда тадқидотчилар.

Маълумот учун, дунёда бир суткада 230 мингдан ортиқ киши коронавирусга чалингани аниқланиб, кунлик антирекорд янгиланди. Умумий ҳисобда дунё бўйича 12,5 миллион киши коронавирусга чалингани тасдиқланган. Шундан 561 мингдан ортиғи вафот этган. Жонс Ҳопкинс маълумотларида эса дунё бўйича 12,7 миллион киши COVID-19 билан касаллангани, беморларнинг 566 мингдан ортиғи вафот этгани қайд этилган.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар коронавирусдан вафот этиш эҳтимолини икки баравар оширадиган омилни аниқлади