21:10 / 16.07.2020
1 834

Беларусда намойишчилар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бўлмоқда (видео)

Беларусда намойишчилар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бўлмоқда (видео)
Василий Федосенко / Reuters / Scanpix / LETA
Беларусь бўйлаб Лукашенконинг асосий рақиблари сайловлардан четлатилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 300га яқин киши ҳибсга олинган, намойишчиларнинг айримларига жиноий иш қўзғатилган.

14 июль куни кечки пайт Беларусь аҳолиси Марказий сайов комиссияси томонидан Виктор Бабарико ва Валерий Цепкалонинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаганидан норози бўлиб кўчаларга чиқишди. Бу икки номзод 9 августда бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларида мамлакатнинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенкога жиддий рақобатчи бўлиши кутилганди.

Норозилик намойишлари Минск, Брест, Гомель, Гродно, Могилев, Молодечно ва Беларуснинг яна бир қатор бошқа шаҳарларида бўлиб ўтган. Намойишларнинг ҳар бирида бир неча ўн нафардан бир неча юз нафаргача одам қатнашган. Энг катта намойиш Минскда бўлиб ўтган.

Беларусь пойтахтида намойишга чиққан одамларнинг сонини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Tut.by сайти тарқатган хабарга кўра, бу намойишда одамлар кичик-кичик гуруҳларга тўпланган ва полиция томонидан намойишчиларни ҳибсга олиш бошланганида одамлар тез тарқаб кетган.

Минскда норозилик намойишлари кечки пайт бошланган. Одамлар ушбу намойишларда қатнашиш учун шаҳарнинг турли чеккаларидан йиғилиб келган. Уларнинг бир қисми велосипедларда бўлган. Намойишчилар Мустақиллик хиёбони бўйлаб ҳаракатланган. Йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг аксарият қисми намойишчилар билан бирдам эканлигини изҳор қилган.

Қисқа вақт ичида намойиш бўлиб ўтаётган жойга полиция бўлинмалари етиб келган ва намойишчиларни ҳибсга ола бошлаган. Полициячилар ва фуқаролик кийимидаги одамлар намойишчиларга қўшиб журналистларни ҳам ҳибсга олишга киришган. Намойишчилар бунга жавобан «Уят, уят» деб бақиришган.

Намойишчиларни ҳибсга олиш чоғида полиция ходимлари аёвсиз тарзда ҳаракатланган. Намойишчиларнинг қўлларини қайириб азоб беришган, калтаклашган, тепкилашган. Қочишга уринганларни ҳам аяшмаган. Ҳибсга олинган намойишчиларни олиб кетиш учун махсус машинага тиқишган.

Минскдаги намойишчиларнинг аксариятини Ғалаба майдонида, цирк олдида ва Немига марказий кўчасида ҳибсга олишган. Кечки соат 9да Минскда намойишчилар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бошланган. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолардан бирида намойишчилар оломони полициячиларга қарши қандай ташлангани акс этган. Бу ҳамла туфайли милиция ҳибсга олган намойишчи қочиб кетади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, намойишчилар турли хил «Милиция халқ билан!», «Уят!» каби шиорларни кўтариб олган бўлган.

Минскда бошланган норозилик намойишлари милициянинг қаршилигига қарамай, ярим кечгача давом этган. Намойишчилар ҳуштак чалишган ва қарсак чалиб «Уят!», «Яшасин Беларусь!» деб қичқиришган.

Беларуснинг бошқа шаҳарларида ҳам милиция намойишчиларни тарқатиб юборишга уринган. Брестда юзлаб одамлар «бирдамлик занжири»ни яратгандан кейин милиция намойишчиларни ҳибсга ола бошлаган. Гомелда ҳам намойишчилар ва журналистлар ҳибсга олинган. Гроднода, аксинча, намойишлар тинч ўтган. Бу ерда милиция фақат бир кишини ҳибсга олган ва бироз ўтиб қўйиб юборган. Могилевда ҳибсга олишлар бўлмаган.

Намойишлар пайтида Беларусь бўйлаб жами 300 га яқин киши ҳибсга олинган, улардан 14 нафари журналист. «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази Минскда ҳибсга олинган 230 шахснинг исм-шарифи ёзилган рўйхатни эълон қилди. Naviny.by сайтининг хабарига кўра, Минскда милиция ходимлари баъзи маҳбусларни қўлларини бошга қўйиб, тиз чўкиб ўтиришга мажбур қилган.

Беларусь ИИВ маълумотларига кўра, намойишлар чоғида мамлакат бўйлаб жами 250 нафар киши ҳибсга олинган. Беларусь ИИВ Тергов қўмитаси Минскдаги норозилик намойишидан кейин ҳибсга олинган бир қатор шахсларга нисбатан жиноий иш очилганини маълум қилган. Уларга «жамоат тартибини қўпол равишда бузадиган ҳатти-ҳаракатларни уюштириш, тайёргарлик кўриш ёки иштирок этиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бу модда билан айбланган шахслар уч йилгача қамоқ жазосини олиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)