15:23 / 19.07.2020
1 875

Олимлар коронавирус кечишининг оғирлик даражасига кўра 6 тури борлигини аниқлади

Олимлар коронавирус кечишининг оғирлик даражасига кўра 6 тури борлигини аниқлади
Лондон қироллик коллежи тадқиқотчилари коронавирус инфекцияси чақирадиган олтита касаллик формасини аниқлади. Улар бир-биридан симптомлари ҳамда касаллик кечишининг оғирлик даражасига қараб фарқланади, деб ёзади Sky News.

Қайд этилишича, олимлар ўз тадқиқотларида АҚШ ва Британиядаги 1600 нафар беморда кузатилган симптомлар ҳақидаги маълумотларга таянган. Маълумотларни улар коронавирус симптомларини ўрганиш учун яратилган COVID Symptom Study мобил дастури ёрдамида тўплаган.

Шундай қилиб, биринчи ва иккинчи касаллик формасига грипп симптомларига ўхшаш белгилар хос. Бунда беморда тана ҳарорати кўтарилиши ҳам, кўтарилмаслиги ҳам мумкин.

Учинчи формада эса беморда COVID-19 йўталсиз кечади, бироқ уни ич кетиши, иштаҳасизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши қийнайди. Ушбу форма шартли тарзда енгил дея тавсифланади. Бунда беморларнинг фақат 1,5—4,4 фоизигагина респиратор ёрдам талаб қилинган.

Тўртинчи формада эса касалликнинг асосий симптомларига чарчоқ ҳам қўшилган, беморларнинг 8, 6 фоизига респиратор ёрдам талаб қилинган.

Бешинчи формада эса мушакларда оғриқ, фикрлар тарқоқлиги пайдо бўлади. 9,9 фоиз ҳолатда респиратор ёрдам талаб қилинади.

Олтинчи — касалликнинг энг оғир формаси. Ушбу ҳолатда 50 фоиз беморлар касалхонага жойлаштирилган. Беморлар иштаҳасизлик, ич кетиши, қорин соҳасидаги оғриқ, нафас олишнинг қийинлашиши, кўкрак ва мушакларда оғриқ, фикрлар тарқоқлиги, чарчоқдан азият чекади. Бунда 19,8 фоизда респиратор ёрдам талаб қилинади.

«Касалликнинг олтинчи формаси аксарият ҳолларда кекса, шунингдек, ортиқча вазни ҳамда йўлдош касалликлари мавжуд инсонларда кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Олимларнинг таъкидлашича, касаллик бошланганидан сўнг биринчи беш кун ичида беморнинг қайси тоифага кириши аниқланса, оғир асоратларнинг олдини олиш мумкин бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)