00:28 / 03.08.2020
2 609

АҚШга Хитойдан ичида уруғлар бўлган шубҳали жўнатмалар келмоқда. Бунинг сабаби тушунтирилди

АҚШга Хитойдан ичида уруғлар бўлган шубҳали жўнатмалар келмоқда. Бунинг сабаби тушунтирилди
Фото: Facebook/WAStateDeptAg
Америкаликларга Хитойдан ичида уруғлар бўлган шубҳали жўнатмалар келмоқда. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, бу жўнатмалар ҳаёт учун хавфли бўлмай, янги фирибгарликнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Business Insider нашрининг хабар беришича, дастлаб бир нечта штат маъмурияти гап зарарли ўсимликлар уруғлари ҳақида бораётганига гумон қилган. Фуқароларга олинган уруғларга тегмаслик, уларни болалар ва уй ҳайвонлари тега олмайдиган хавфсиз жойларда сақлаш тавсия қилинган.

Кейинроқ қишлоқ хўжалиги вазирлиги одамларга ялпиз, розмарин, лаванда, атиргул ва гибискус уруғлари жўнатилаётгани ҳақидаги хулосага келган. Айни вақтда жўнатмалар орқали 14 турдаги ўсимлик уруғлари жўнатилгани қайд этилган. Улар орасида ҳаёт учун хавфли ўсимликлар аниқланмаган.

Вазирлик вакили Усама ал-Лиссийнинг таъкидлашича, гап америкаликларга зарар етказиш мақсадида уюштирилаётган ҳужум эмас, балки Хитой интернет-дўконлари сотувчиларининг фирибгарлиги ҳақида бормоқда. Улар Хитойдан ташқаридаги сохта манзилларга маҳсулотлар жўнатиб, ўз рейтингларини оширишни мўлжаллашган.

Сотувчи бирор манзилга умуман кераксиз жўнатма юборади ва жўнатмани кузатиш коди почта хизмати томонидан қайд қилинади. Жўнатма ҳеч нарсадан бехабар бўлган олувчи манзилига етгач, жўнатма ҳаракатланишини трекер-код орқали кузатиши мумкин бўлган сохта олувчи жўнатмани бус-бутун олганини маълум қилиб, бу ҳақида ижобий хулоса ёзади.

Хитой почта хизмати бу ҳолатлар юзасидан АҚШ идоралари билан тегишли тергов олиб боришга тайёрлигини билдирган. Хитойликлар жўнатувчи ким эканини аниқлаш учун шубҳали жўнатмаларни ортга қайтаришни илтимос қилишган.

27 июлда Виржиния штати қишлоқ хўжалиги департаменти Хитойдан юборилган жўнатмалардаги уруғларни экмасликка ва бундай жўнатмалар ҳақида расмий идораларга маълум қилишга чақирган.

1 августда NHK япон телеканали Иокогама шаҳри карантин хизматига таяниб, Японияга Хитойдаги аноним жўнатувчилардан ичида уруғлар бўлган жўнатмалар келаётганини маълум қилган.

Шундай жўнатмаларни июль охиридан бошлаб Япониянинг бошқа ҳудудларидаги одамлар ҳам ола бошлаган. Жўнатмаларнинг барчаси хориждан жўнатилган бўлиб, уларда карантин хизматидан ўтганлик ҳақидаги штамп бўлмаган. Таъкидланишича, худди шундай жўнатмаларни Канада, Британия ва Австралия аҳолиси ҳам олмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)