07:46 / 05.08.2020
1 916

«Африкага Шимолий қутб орқали учишадими?» – Лукашенко қўлга олинган россияликлар ҳақида кескин фикр билдирди

«Африкага Шимолий қутб орқали учишадими?» – Лукашенко қўлга олинган россияликлар ҳақида кескин фикр билдирди
Беларусь президенти Александр Лукашенко 4 август куни мамлакат аҳолиси ва Миллий Ассамблеяга мурожаат қилди.
Лукашенко кўпгина мавзулар қатори яқинда Минскда қўлга олинган бир гуруҳ Россия фуқаролари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. Унинг айтишича, қўлга олинганлар Минск орқали бошқа мамлакатларга чиқиб кетиш учун эмас, балки айнан Беларусда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш учун келган.

«Беларусларга қарши миллиардлаб ресурслар ташланган, энг янги технологиялар сафарбар қилинмоқда. Интернетда 32 жангарининг ҳибсга олиниши ҳақидаги мунозараларни кўриб ҳайрон бўлдим. Бу ҳақда нималар дейишмаяпти, қандай хулосалар қилишмаяпти дейсиз. Ҳатто икки президент келишиб олган деган фикрлар билдирилмоқда. Бу жуда хавфли сигнал.

Ҳибсга олинган россияликларнинг Истанбул, Венесуэла, Африка ва Ливияга кетиши ҳақидаги гапларнинг барчаси ёлғон. Мен географияни яхши билмаслигим мумкин, лекин Африкага Шимолий қутб орқали учишадими?
», деди Лукашенко истеҳзо билан.

Лукашенконинг таъкидлашича, ҳибсга олинганларга «инсоний муносабатда бўлинмоқда», шу учун улар ҳамма нарсани айтиб беришган. Унинг сўзларига кўра, тергов давомида россияликлар «Беларусга махсус вазифа билан» юборилганликлари ҳақида гапириб беришган.

«Жамоа белгиланган вақтгача кутиши керак эди. Истамбулга сотиб олинган чипталар ҳақидаги гаплар – афсона. Россия чегараси ёпилганлиги сабаб улар бу ерда ҳам, у ерда ҳам Истанбулга учаётганликларини кўрсатишлари керак эди», дея қўшимча қилган Беларусь раҳбари.
Шунингдек, унинг айтишича, бугун у республикадаги вазиятни беқарорлаштириш учун Беларусь жанубига ташланган яна бир бўлинма ҳақида маълумотлар олган.

29 июль куни 32 нафар россиялик (Беларусь хавфсизлик хизматига кўра, улар «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари) Минск яқинидаги санаторийда ҳибсга олинади. Уларга Беларусда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга уриниш айблови бўйича жиноий иш қўзғатилган. Агар россияликларга қўйилаётган айб ўз исботини топса, улар 20 йилгача қамоқ жазосини олади.

Шундан сўнг, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Беларусда ҳибсга олинган фуқароларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълумотга эга эмаслигини билдирди. «Россия фуқароларининг асоссиз ҳибсга олиниши иттифоқчилик муносабатларига тўғри келмайди», деб таъкидлаган Песков.

Путиннинг матбуот котибига кўра, Беларусда ҳибсга олинган россияликлар хусусий хавфсизлик компаниясида ишлайди, уларнинг Истанбулга чипталари бўлган ва Беларусь ҳудудида транзитда бўлиб туришган.

Кейинчалик Владимир Путин Россия Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан Беларусь томонининг россияликларга нисбатан хатти-ҳаракатларини муҳокама қилган. Кенгаш аъзолари россияликлар яқин кунларда ҳибсдан озод қилинишига умид билдирган. Кенгаш мажлисида қатнашган Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили охирги пайтларда беларуслик ҳамкасблар билан кўплаб тушунмовчиликлар келиб чиқаётганини билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)