21:43 / 07.08.2020
3 769

Вирусолог Россия вакцинасининг хавфли бўлиши мумкинлигини айтди

Вирусолог Россия вакцинасининг хавфли бўлиши мумкинлигини айтди
Фото: Андрей Катаев / РИА Новости
Коронавирусга қарши вакцина нотўғри конструкция қилинса, COVID-19 касаллиги кучайиши мумкин, чунки антитана ҳар хил бўлади ва улардан баъзилари инфекцияни кучайтиради.

Россияда ишлаб чиқилаётган вакцинанинг хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида «Вектор» ўта хавфли инфекциялар лабораторияси собиқ мудири Александр Чепурнов огоҳлантирди.

«Хатар бор... Вақт керак. Чунки, антитананинг нейтраллаштириш хусусияти шундаки, вирус танасига ёпишган антитана унинг ҳужайрага юқиш хусусиятини блоклайди», — деди олим.

Унинг таъкидлашича, ҳозирча вакцина устида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ва вакцинанинг самарали эканини тасдиқловчи илмий изланишлар ҳақидаги маълумотлар нашр этилмаган.

«Баъзи мамлакатларда вакцина устида ишлаётган ходимлар барча натижаларни зудлик билан эълон қилишмоқда. Шунда вакцинанинг қандай экани ҳақида тасаввур пайдо бўляпти. Россияда эса ҳеч қандай мақолаларни кўрмаяпман», — деди Чепурнов.

Вакцина устида қандай изланишлар олиб борилгани, уни қўллашда нейтрализациянинг қандай даражаси юзага келиши, вируснинг қандай дозаларидан ҳимоя қила олиши ва унда «инфекциянинг антитанага боғлиқлик даражасини ошириш хусусияти» борлиги ҳақида маълумот пайдо бўлмасидан олдин, Чепурнов вакцинани ишлаб чиқиш ҳақида ўйламасликни таклиф қилди.

Аввалроқ, вирусолог, биология фанлари доктори Сергей Нетесов Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган вакцина ҳақидаги маълумотлар сир тутилаётганидан ҳайрон қолган эди. У Россия вакцинасининг таркиби ва технологияси ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини, хорижлик компаниялар эса бу маълумотларни ошкор қилаётганини таъкидлади.

«Биз америкалик ва хитойлик олимларнинг вакциналари ҳақида ҳамма нарсани биламиз. Компанияларнинг интернет сайтларида, илмий журналларда вакцинанинг дастлабки синовлари ҳақида барча маълумотлар бор. Аммо нега ўзимизнинг вакцина ҳақида шундай маълумотлар берилмаяпти?» — деб таажжубланди Нетесов.

7 август куни Россия Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олег Гриднев «Гамалея» номидаги марказ томонидан ишлаб чиқилган вакцина 12 август кунигача рўйхатдан ўтказилишини айтган эди. У оммавий вакцинациянинг самараси аҳолида популяция иммунитети шаклланганидан сўнг сезилишини айтди. Коронавирусга қарши вакцина биринчи навбатда хатарли гуруҳга кирувчи тиббиёт ходимлари ва кексаларга берилиши режалаштирилмоқда. Гриднев вакцинанинг оммавий ишлаб чиқарилишига тайёргарлик кетаётганини қўшимча қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)