08:30 / 12.08.2020
2 956

Ниқобсиз ва жарималарсиз карантин. Корея бу билан нимага эришди?

Ниқобсиз ва жарималарсиз карантин. Корея бу билан нимага эришди?
Кореяда карантин ўзгача бўлди.
Кореядаги карантин Ўзбекистондагиси билан солиштирганда чеклаш, нарх-наволарни кўтариш, жарималар ва ҳоказо жиҳатлар билан фарқли бўлди. Карантин даврида кўчаларда ниқобсиз юрган, машина минганларга жарима белгиланмади! Ҳатто ўша вирус ўчоғи дея ҳисобланган Тегу шаҳрида ҳам.

Корейсларда жазолаш тизими бошқача, ўзгача услубда шакллантирилган. Қонунга бўйсунмаган кишини жамиятдан ажратиб қўяди. Мисол учун, Сеулга карантин бошланган вақтда тахминан бир ойдан кўпроқ ниқобсиз бориб келдим. Кейинчалик бирорта автобус мени ниқобсиз олиб кетмаслигини, шунақа қарор борлигини тушунтирди. Метроларда бошқача аҳвол, корейслар қўрқув ва ҳайрат нигоҳи билан қараб, жиркангандек ниқобсиз одамдан қочишга ўтишди. Кейин кўпчилик мажбуран ниқоб тақа бошлади.

Карантин давлат тасарруфидаги жойларда доим амалда бўлди. Мисол учун кечагина, каттагина футбол стадион очилди. Бугундан стол теннис клуби ҳам очилишини эълон қилишибди. Теннис ўйнайдиган гуруҳдошлар телефон қилиб айтишди. Карантин мана шунақа, давлат тасарруфида бўлган стадионлар, спорт залларини ёпиш билан амалда бўлди. Сабаби футболни ҳам теннисни ҳам аксари 50-70 ёшли қарилар (35-40 ёшлилар ҳам оз бўлса-да бор) ўйнашади. Уларнинг иммунитети вирусга қарши кураша олмайди дея қарияларни ҳар тарафлама кўчага чиқмаслик, максимал даражада ўзини ҳимоялаш кераклигини ТВ каналларда уқтирилди.

Карантин даврида, деярли барча озиқ-овқат, маиший дўконлар ишлаб турди. Гарчи аксари динсиз ё ғайридин бўлса ҳам, бирор нарсанинг нархини оширмади. Баъзилари: «Жиннимисан, шу қийинчилик даврида ҳам озиқ-овқат нархини кўтарадими? «Инсоф иссоё», яъни «Инсоф бор» деб қўяди... Инсоф ҳақида кўпчилик корейсларга гапиргандик. Авваллари, 20 минг вонга (20 литр) оладиган бензинимизни карантин даврида 14 минг вондан олдик.

Энг муҳими: вируснинг ўчоғи бўлган Тегу шаҳридаги карантин чекловлари ўша шаҳарда амалда бўлди. Бутун Кореяни айнан Тегу каби йўлини ёпиб қўйиш, ҳар қадамда одамларни иссиғини ўлчаш, коронавирусга тест олиш каби ишларни қилишмади. Вирусга тест: Кореянинг ичидаги барча миллат вакилларига, у Кореяда қонуний яшайдими ёки ноқонунийми фарқи йўқ, ТЕКИН топширилди. Ҳатто баъзи жойларда мукофот тарзида 100 минг вондан ҳам беришганини айтишди. Аммо бу маълумот қанчалик тўғрилигини билмайман.

Шунингдек, бошланишда текин даволади ҳам.

Нонсан шаҳрида ишлаётган вақтимизда жума намозига бордик. Имом ҳам ўзбек. Ўша жойни милиция ҳодими (корейс) исломни янги қабул қилганлардан экан. Хутбадан олдин сўз беришларини илтимос қилди. Чиқиб бизларга қарата: «Кореядаги барча масжидлар карантин сабабли ёпиляпти. Агар биз жамоат бўлиб вирусга тест топширсак, Кореяда мусулмон масжидлари, қолаверса, бошқа ибодатхоналар ичида ҳам биринчи бўлиб, оммавий кўнгилли тест топширган уюшган жамоат бўлар эдик. Масжидимиз ҳам ёпилмай, фаолият қилишида дастак бўлар эди», қабилида гапирганди. Алҳамдулиллаҳ, барча биродарлар бир автобусда ва шахсий машиналарда бориб, тест топшириб келгандик. Ҳа айтганча, «люкс» автобус давлат томонидан ажратилган. Машинаси йўқлар автобусда бориб келдик. Тест текин, мукофотига ниқоб, антисептик воситалар ва ҳоказоларни беришганди. Баъзи биродарлар: «пул берса бўларди», деб қабилида ҳазил аралаш чин гапиришганди.

Ўзи карантиндан мақсад - умумий вирусга қарши курашиш. 14 кунда одамларда вирус бор ёки йўқлиги аниқланади. Вирус аниқландими, ўша ҳудудни оммавий дизенфекция қилиш керак! Тегуни дизенфекция қилишда ҳарбийлар танклари билан иштирок этишди. Эшитилиши кулгили, аммо булар шунақа, ёш болача қилиқлар билан бир-бирини шижоатлантиради! Умид беради.

Албатта, карантин вақтида иш бироз пасайди. Аммо тўхтамади. Мусофир акаларимиз ўша даврда, ҳам ҳозир ҳам пул топишяпти. Баъзи акалар ҳануз «ишонмайманда шу вирусга, ўйин ва соққа қилишяпти» деб юришибди! Кеча бир акамизга қаттиқ гапирдим. «Қанча-қанча олимларимиз, биродарларимизни вафотига ҳам шу касаллик сабабчи бўлди. Уларни вафот этганига ҳам ишонмайсизми ёки ўйин қилишаяптими,(астағфируллоҳ)?!» дебдим. Атрофимизда кўпайиб кетувди шунақа, «ер текис»,» «2х2=5» дунёни масонлар бошқаради» ва ҳоказо деб юрганлар...

Низомиддин Комил

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ниқобсиз ва жарималарсиз карантин. Корея бу билан нимага эришди?